“Бир кунлик фирмалар” ёки солиқлардан қочишнинг ўзга шакли

00:28 26 Апрель 2020 Иқтисодиёт
2383 0

Мамлакатимизда солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш самарали тизимини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бунга биргина мисол сифатида хорижий амалиётни ўз ичига қармаб олган ҳолда тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат сифатида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилинди.

Бозор муносабатларининг бугунги ривожи ҳамда инсофли тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш зарурати иқтисодий соҳадаги қонунга хилоф ҳаракатларга қарши курашишни, “хуфёна иқтисодиёт”нинг шаклланиш механизмларини қайта кўриб чиқишни, шу жумладан солиқдан қочиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш бўйича тизимли ишларни кучайтиришни ҳам талаб этмоқда.

Жиноят мақсади доим бир бўлади унинг шакли эса ўзгариб туради.

Масалан, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида “Бир кунлик фирмалар” фаолияти ривожлана бошлаган.

Хусусан, муайян бир битим (операция) учун ташкил этилган, тадбиркорликнинг аниқ мақсадлари мавжуд бўлмаган ҳамда ушбу битим натижасида солиқдан қочишга мўлжалланган жамият ‒“Бир кунлик фирмалар” ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан ‒“Бир кунлик фирмалар”га таъриф берилмаган.

Қонунга хилоф ҳаракатлар давлат ва жамият манфаатига етказилган зарар учун сўзсиз жазо муқаррар. Жумладан:

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддасига асосан солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа объектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробари миқдорида жарима;

Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексининг 184-моддасига асосан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятлар оғирлигига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 дан 600 баробаригача жарималар, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари

ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо турлари назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур модданинг тўртинчи қисмига асосан биринчи марта жиноят содир этган шахс 30 кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган.

Мазкур соҳада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятлар хорижий давлатларда ҳам мавжудлиги ва унга қарши курашиш мақсадида турли хил қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги аниқланди. Хусусан:

Россияда 2011 йилда 4,5 млн. юридик шахсларнинг деярли 50%

“Бир кунлик фирмалар” ҳисобланган. 2011 йилда жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар (173.1, 173.2-моддалар) натижасида уларнинг сони умумий юридик шахсларнинг 15 фоизгача камайган.

Федерал солиқ хизмати томонидан “Бир кунлик фирмалар” деб амалда қарор қабул қилишга мустақиллиги ва тадбиркорликнинг аниқ мақсадлари мавжуд бўлмаган, одатда рўйхатдан ўтказиш манзилида манзили аниқ кўрсатилмаган юридик шахсларни таърифлаган.

Мазкур қилмиш учун Жиноят кодексининг 173.1 ва 173.2-моддаларида

100-500 минг рубль (65,0 млн. сўм) жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо турлари назарда тутилган.

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 173.1 ва 173.2-моддаларида назарда тутилган қилмиш учун давлатга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланиши жавобгарликдан озод қилиш учун асос ҳисобланмайди (27.12.2018 й. ФҚ-533-сон Федерал Қонуни);

Германияда “Бир кунлик фирмалар” билан курашишда ишончли ташкилотларнинг “Савдо реестри” тузилган. “Савдо реестри”га киритилмаган жамият билан битим тузиш банк ва солиқ органларида шубҳали операция деб тан олинади ва уни ўрганиш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, “Солиқлар тўғрисида”ги Қонунга асосан (§§ 7-14 AStG), Германия компанияси томонидан тузилган битимнинг контрагенти Германия фуқароси бўлмаса, солиқ базаси шубҳали паст бўлса ёки унинг манзили аниқ бўлмаса, ушбу битим солиқ идоралари томонидан текширишга асос бўлади;

Швеция ва Янги Зеландияда ишончли ва шубҳали корхоналар бўйича “оқ” ва “кулранг” рўйхатлар юритилади;

АҚШда 1962 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришларга асосан фаолият юритиш учун жамиятларга тегишли бўлган барча маблағларни (офшор зоналарида ҳам) солиқ ҳисоботида кўрсатиш лозим бўлади.

Шунингдек, “Хорижий компанияларни назорат қилиш тўғрисида”ги Қонун билан (Controlled foreign company, CFC) хорижий компаниялар билан шартномалар имзолаш ва маблағ ўтказиш фаолияти тартибга солинган.

Мазкур қонунда, жамиятга тегишли қимматбаҳо қоғозларни бошқа жамиятлар ўртасида майда-майда фоизларга бўлмаслик, бир битим бўйича ўртада иштирок этувчи жамиятлар сонини (занжирни) кўпайтирмаслик

ва бошқа шартлар кўрсатилган.

Швейцарияда “Бир кунлик фирмалар” билан курашишда “Солиқ тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан солиқ органлари битим бўйича ёки бошқа шубҳа туғдирадиган маълумотлар пайдо бўлганда контрагент (иккинчи тараф) жамиятнинг жойлашган манзилини, ишчилари мавжудлигини, уларнинг сонини, меҳнат шартномасини, шунингдек акциядорлар, таъсисчилар ва ижрочи раҳбарининг яшаш манзиллари тўғрисида маълумотларни сўраб олиш ҳуқуқига эга;

Швейцария ва АҚШ ўртасида “Бир кунлик фирмалар”га барҳам бериш мақсадида “Каналли ёндашув” номли келишув имзоланган. Бунда, икки давлат ўртасидаги барча операциялар бўйича жамиятларнинг охирги таъсисчисигача бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқи берилган.

Мазкур келишув Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЭСР) томонидан ижобий баҳоланган.

Хулоса қилиб айтганда, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида ташкил этилган “Бир кунлик фирмалар”га қонунчиликда аниқ таъриф бериш, ушбу жамиятларни аниқлаш бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда “Инсофли тадбиркорлар реестри”ни ишлаб чиқиш натижасида ноинсоф тадбиркорлик фаолиятининг олдини олиш бўйича зарур чоралари кўрилади.

Ф.Назаров,

Адлия вазирлиги Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бош маслаҳатчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер