Билими зўр мингни йиқар...

12:35 24 Октябр 2024 Жамият
106 0

Қайси мамлакатда комил инсонлар қадрланса, уларга ўз иқтидорини намоён қилиш учун шароит яратилса, шу давлат ривожланади. Ўзбекистоннинг ҳам эртанги кундан умиди катта! Буни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси мисолида кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 августдаги «Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган ушбу академиянинг асосий вазифаси иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар орасидан бўлажак зиёлилар, олимларни шакллантириш, иқтидорини юзага чиқаришдан иборат. Унга инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар, талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоалар танлов асосида қабул қилинади.

Андижон вилоятида академияга қабул қилиш мақсадида 10 га яқин саралаш танловлари ўтказилди. Унда илмий-инновацион фаолиятини йўлга қўйган, ихтирочилик қобилиятига эга, ташаббускор, етакчи, янгиликка интилувчан, креатив фикрлайдиган олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, бизнес-инкубатор ва акселератор дастурининг 1000 нафарга яқин битирувчиси, ёш тадбиркор, тадқиқотчи ва инноваторлар иштирок этди. Шундан 400 нафари аъзоликка қабул қилинди. Улар нафақат вилоят, балки мамлакатимиз миқёсидаги мавжуд муаммоларнинг инновацион ечимига қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқиш, юртимиз илм-фан соҳаси ривожига ўз ихтироси билан ҳисса қўшиш учун тинимсиз изланмоқда.

Андижон давлат қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти магистри Муродил Исмоиловнинг аҳоли, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, китоб ўқиш маданиятини шакллантиришга қаратилган «КИТАББ» стартап лойиҳасини амалга ошириш учун Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 798 миллион 120 минг сўм миқдорида маблағ ажратилди. У «Мирзо Улуғбек ворислари» республика кўрик-танлови, «Бўлажак олим» инновацион лойиҳалар, «Бизнесга биринчи қадам» стартап лойиҳалар , «Ideation — 2030» илмий-инновацион лойиҳалар ва бошқа қатор танловларда ғолибликни қўлга киритган.

Андижон давлат тиббиёт институти ёш олими Ислом Бекташевнинг «Ақлли тиббиёт», Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти магистри Араббой Азимовнинг «МиcроГес», Наманган муҳандислик ва технологиялар институти талабаси Гулшода Аҳмаджонованинг «Такомиллаштирилган Тоштутгич қурилмаси», Ўзбекистон миллий университети магистри Шукрулло Фозилжоновнинг «Labs Online» лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим муассасалари ҳамда танлов ташкилотчилари томонидан 820 миллион сўмдан зиёд миқдорида молиялаштирилди. Бундан ташқари, яна ўнлаб андижонлик иқтидорли ёшларнинг юқоридаги каби лойиҳа ва стартаплари молиялаштирилган бўлиб, улар қатор муаммоларни бартараф этиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Андижонлик Ёшлар академияси аъзоси бўлган иқтидорли ёшлар ўтказилаётган турли танловларда ҳам фаол иштирок этмоқда, ғолиблар қаторидан жой олмоқда. Жумладан, 2022 — 2024 йилларда «Мирзо Улуғбек ворислари» кўрик-танловининг республика босқичида Андижон вилоятидан 60 нафар иқтидорли ёшлар ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Уларнинг 20 нафари ғолибликни қўлга киритди. Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ёшлар академияси томонидан ёшларнинг илмий ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган «Бўлажак олим» танловининг жорий йилги саралаш танловига 50 нафарга яқин андижонлик Ёшлар академияси аъзолари ўз лойиҳаларини топширди. Тақдим этилган лойиҳаларнинг аксарияти танловнинг 1-экспертиза босқичидан муваффақиятли ўтди.

Тўғри, бугун аксарият иқтидорли ёшларнинг лойиҳалари, ғоялари дастлабки босқичда ўз ифодасини топмоқда, холос. Бироқ, изланиш, ҳаракат ва самара туфайли уларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган бўлиб, бу борада республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларга қўшқанот вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Гулсевар ХЎЖАМОВА,

Ёшлар академиясининг Андижон вилоятидаги

лидери ва координатори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?