Билим ва хотира мусобақаси
Фото: Абдулазиз Убайдуллаев
Бугун давлат бошқаруви тизимидаги барча вазирлик ва идоралар билимдонлари “Заковат” аренаси майдонида жам бўлишди. Тадбир Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида юртимизда Архив тизими ташкил этилганининг 106 йиллиги муносабати билан ўтказилди.

Мусобақа мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Унда вазирлик ва идоралар, шунингдек “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архив иши ҳудудий бошқармалари ҳамда Миллий архивлар ходимларидан иборат 40 дан ортиқ жамоа “Ўзархив” агентлиги кубоги учун ўзаро беллашди.

Тадбир аввалида “Ўзархив” агентлиги директори ўринбосари Шерзод Содиқов ва “Заковат” интеллектуал клуби директори Ҳаётилла Раҳмонов иштирокчиларни табриклаб, уларга интеллектуал рингда омад тиладилар.

Мусобақа ҳар бири 12 та саволдан иборат бўлган икки турда ўтказилди. Ҳар бир тўғри жавоб учун жамоаларга бир балл берилди. Якуний натижаларга кўра 1-ўринни Адлия вазирлиги жамоаси эгаллаб, “Ўзархив” агентлиги кубогини қўлга киритди. Иккинчи ўринга Навоий вилояти Архив иши бошқармаси жамоаси, учинчи ўринга эса “Тарих” телеканали жамоаси сазовор бўлишди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар аъзолари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Маълумки, Ўзбекистон архив тизимининг шаклланиши 1919 йил 5 ноябрда Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан қабул қилинган “Туркистон АССРда архив ишларини қайта ташкил этиш ва марказлаштириш тўғрисида”ги қарорга бориб тақалади. Ушбу тарихий ҳужжат архив ишларини ягона тизимда йўлга қўйиш, илмий, тарихий ва маданий аҳамиятга эга ҳужжатларни давлат мулки сифатида сақлаш учун мустаҳкам замин яратган эди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий Архив Фонди ҳужжатларни жамлаш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва улардан фойдаланиш борасида муҳим вазифаларни самарали бажариб келмоқда.

Ушбу интеллектуал мусобақа нафақат билимлар синови, балки архив тизими ходимлари ҳамда барча иштирокчиларнинг тарихий меросга бўлган ҳурматини, интеллектуал салоҳиятини ва жамоавий руҳини янада мустаҳкамловчи эзгу ташаббус сифатида ёдда қолди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг