Беморларнинг мушкули осон, узоғи яқин бўлади

17:23 10 Январь 2025 Жамият
311 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бойсун тумани тиббиёт бирлашмасида гемодиализ бўлими ташкил этилиб, Германияда ишлаб чиқарилган учта қон токсик, яъни заҳарли моддалардан тозалаш ускунаси билан жиҳозланди. Бу буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган беморларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилади.

— Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар олис ва тоғли туманимизда ҳам бўй кўрсатмоқда, — дейди Бойсун тумани ҳокимлиги ахборот хизмати бошлиғи Юнус Холиёров. — Дастлаб тиббиёт муассасамиз замонавий типда барпо этилди. Сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланиб, беморларнинг ўз ҳудудида зарур муолажаларни олиши учун барча шароит яратилмоқда. Навбатдаги янги ташкил этилган гемодиализ бўлими ҳам бойсунликларнинг узоқ йиллардан буён ушалмаётган орзуси эди, десам, муболаға бўлмайди.

Шу пайтгача туманда буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган беморлар зарур муолажа олиш учун 200 километр йўл босиб, Термиз шаҳри ёки қўшни вилоятлар маркази, ҳатто пойтахтга боришга мажбур бўларди. Энди бундай оворагарчилик, ортиқча харажатга чек қўйилди. Хорижнинг замонавий ускуналари билан жиҳозланган бўлим шифокорлари малака ошириб қайтишгани эса беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатламоқда.

— Уч йилдан буён буйрак етишмовчилиги касаллиги билан курашаман, — дейди тумандаги Бошработ маҳалласида яшовчи Исмоил Раҳимов. — Ўтган вақт мобайнида кўп қийинчиликларга дуч келдим. Узоқ йўл, ортиқча харажатлар, буларнинг бари тўлиқ тузалиб кетишимга умидимни пасайтирарди. Энди қийинчиликлар ортда қолди. Туманимизнинг ўзида шароитлар яратилди. Назаримда, танамдаги касаллик чекинаётгандек бўляпти. Бундай ғамхўрлик учун Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер