“Белтов”да ўтказилган фестиваль ғолиблари тақдирланди

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Белтов” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” ҳамда “Аббоз овози — Қаратеран оҳанглари” фестиваллари бўлиб ўтди.
Тадбирда давомида бахшичилик йўналишида ҳамда балиқдан турли хил таомлар тайёрлаш бўйича юзга яқин иштирокчилар ўзларининг маҳоратини намойиш этдилар.
Дастлаб “Аббоз овози — Қаратеран оҳанглари” фольклор фестивалида бахши ва жировлар ижро этган дастонлар ҳакамлар томонидан баҳоланди.
Унга кўра, бахшичилик йўналишида 1-ўринни Гулчинор Қудайбекргенова ва Толибай Бердимуратовлар эгаллаган бўлса, қиссахонлик йўналишида 1-ўрин Қдирбай Жуманязов ва Кумисай Султанбаеваларга насиб этди. Шунингдек, жировлар беллашувида Карим Хабибназаров 1-ўринга муносиб топилди.
Фестивалда ташкилотчилар томонидан биринчи ўринни эгаллаганларга 5 миллион сўм, иккинчи ўринга 3 миллион ва 3-ўринни қўлга киритган бахши жировлар 1 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Тадбирнинг иккинчи кунида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” танловининг ғолиблари ҳам аниқланди.
Эрта тонгдан кечгача давом қилган танловида халқаро даражадаги ошпазлар 60 нафардан ортиқ ошпаз ва уларнинг ёрдамчилари томонидан тайёрланган балиқ таомлари ва уларни дастурхонга тортиш маҳоратларини баҳолаб бордилар.
— Бу галги балиқ таомларидан таом тайёрлаш бўйича ўтказилган танловда ошпазларга шароит яратиш ва шартларни шаффоф танлаш жуда яхши ташкил қилинган, — дейди нукуслик ошпаз Мадина Давлетмуратова. — Ҳар бир иштирокчи ҳакамлар томонидан тайёрланган билетларни танлаб уларда берилган 5 та таомни тайёрлашга киришдик. Жараёнларни ҳакамлар жамоаси кузатиб боришди. Кези келганда иштирокчиларга эътирозларини билдиришди, маҳорат дарсларини ҳам ўтказишди. Фестиваль давомида бошқа вилоятлардан келган ошпазлар билан ҳам фикр алмашиб, маҳоратимизни оширдик. Ўйлайманки, Қорақалпоғистонда бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ҳудуднинг гастрономик туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
“Белтов”да ўтказилган “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” фестивалининг ошпазлар беллашувида Нукус шаҳридан иштирок этган ошпаз Мадина Давлетмуратова 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин мўйноқлик Улбосын Сейтбаевага насиб қилди. Навоий вилоятидан ташриф буюрган Шаҳзод Хусенов ҳамда элликқалъалик Элёр Атажановлар 3-ўринни эгаллашди.
Фестиваль ғолиблари ва фаол иштирокчилар тадбир ташкилотчилари томонидан диплом, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Маълумот учун, “Белтов”да ўтказилган “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” ҳамда “Аббоз овози — Қаратеран оҳанглари” фестиваллари Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг