Бейбут Атамқулов: Биргаликда минтақа хавфсизлигининг стратегик ўзагини шакллантирамиз

10:41 11 Сентябр 2025 Сиёсат
192 0

Қозоғистон — Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва ишончли иттифоқчиси. Ҳар икки мамлакат кўп қиррали давлатлараро алоқаларни янада чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Қозоғистон — Ўзбекистон муносабатлари бундан буён ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги, Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик манфаатлари йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида жадал ривожланиб бораверади.

Металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, логистика, қурилиш ва бошқа устувор йўналишларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жорий йилда қатор маданий-гуманитар тадбирлар, жумладан, ёшлар, туризм ва таълим форумлари ўтказиляпти. Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов газетамизга берган интервьюсида шулар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

— Яқинда Қозоғистонда Конс­титуция куни нишонланди. Бу — давлатимиз асослари мустаҳкамлиги ва келажакка интилишимизни ифодаловчи байрам. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон ўз мустақиллигини нишонлади. Қардош ўзбек халқини ушбу буюк байрам билан чин қалбимдан табриклайман.

— Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларни қандай баҳолайсиз? Жорий йилда бу борада қандай муҳим ютуқларга эришилди?

— Бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари тарихий юқори даражада. Биз сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олган иттифоқчилик шериклигини ишончли тарзда ривожлантирмоқдамиз. Ўтган йилнинг муҳим ютуқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини қайд этиш лозим — бу давлат раҳбарлари даражасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янги механизмидир. Мажлис ўтган йилнинг августида Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Кенгашнинг биринчи мажлиси якунлари бўйича жуда муҳим қарорлар қабул қилинди.

Парламент дипломатияси йўналишида катта ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан расмий ташрифлар бўлиб ўтди: жорий йилнинг май ойида Олмаота шаҳрида Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов иштирок этди. 18-19 август кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева расмий ташриф билан Остонада бўлди.

Мен ушбу тадбирларда шахсан қатнашишга муяссар бўлдим ва икки томонлама мулоқотнинг муҳим элементига айланиб бораётган парламентлараро муносабатларнинг юқори динамикасини катта мамнуният билан қайд этаман.

— Иқтисодий ҳамкорлик истиқболларига тўхталсак. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида товар айирбошлашни кўпайтириш ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Қайси соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда?

— Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва саноат кооперацияси Қозоғистон — Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда. Мамлакатларимиз ўтган йили 4 млрд. доллардан ортган товар айирбошлаш кўрсаткичларини янада оширишга интилмоқда. Давлат раҳбарлари томонидан ўрта муддатли истиқболда савдо кўрсаткичини 10 млрд. долларга етказиш бўйича белгиланган мақсад сари ҳаракат қилишда давом этмоқдамиз. Бугунги кунда савдо кўрсаткичлари барқарор ўсишни кўрсатмоқда.

Айни вақтда саноат, машинасозлик, агросаноат комплекси, енгил саноат ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,8 млрд. долларни ташкил этувчи 78 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу нафақат ўзаро етказиб бериш номенклатурасини кенгайтиради, балки янги иш ўринларини яратади, ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлайди ва иқтисодий ҳамкорликни янада барқарор ва узоқ муддатли қилади. Чегара ҳудудида жойлашган “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази иқтисодий ҳамкорлигимизнинг асосий “лангари” бўлади.

— Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик минтақамиз учун долзарб аҳамият касб этяпти. Икки давлат ўртасида транспорт йўлларини ривожлантириш ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда? Бу соҳада янги лойиҳалар режалаштирилганми?

— Ўзаро савдонинг ривожланиши ва юк ташиш ҳажмининг ўсиши шароитида транспорт йўлакларини ривожлантириш ва янги йўналишлар очиш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки айнан логистика сифати саноат кооперациясининг муваффақияти ва ўзаро савдонинг барқарор ўсишини белгилайди. Евроосиё марказида жойлашган Қозоғистон ва Ўзбекистон учун транспорт шунчаки инфратузилма эмас, балки иқтисодиётларимизни глобал бозорлар билан боғлайдиган ва иттифоқчилик муносабатларини ҳақиқий рақобат афзалликларига айлантирадиган стратегик воситадир. Ташиш ҳажмининг ўсиши статистикаси бунга яққол мисолдир. Хусусан, ўтган йили Транскаспий йўналиши бўйича ташиш ҳажми 4 млн. тоннадан ошди, бу эса баъзи ҳисоб-китобларга кўра 2023 йилдагига нисбатан 62 фоиз кўпдир. Йўналиш минтақавий савдо ва саноат кооперациясининг муҳим двигателларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда: Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон йўлининг қурилиши бошланди, Афғонистон ва Покистон билан Трансафғон темир йўлини техник-иқтисодий асослаш бўйича келишувларга эришилди.

Яқинда Туркманистонда бўлиб ўтган Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича БМТнинг учинчи конференциясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “глобал бозорларга кириш барча учун тенг бўлиши керак. Бу нафақат иқтисодий зарурат. Бу, авваламбор, халқаро муносабатларда барқарор ривожланиш, ишонч ва ҳамкорликнинг муҳим шартидир”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида транзитни яхшилашга қаратилган бевосита лойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, Дарбаза — Мақтаарал янги темир йўл линиясининг қурилишини қайд этмоқчиман. Йўналиш “Сариоғоч — Тошкент” участкасини ва “Сариоғоч” станциясидаги ўтказиш пунктини енгиллаштиришга имкон беради, улар ўз техник имкониятлари чегарасида ишламоқда.

Қанчалик фаол йўл ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантирмайлик, муҳим шарт назорат пунктларини модернизация қилиш бўлиб қолади — айнан улар бутун савдо ва транзитнинг тезлиги ҳамда самарадорлигини белгилайди. Қозоғистон — Ўзбекистон чегарасида ҳозирда 8 та автомобиль ва 3 та темир йўл ўтказиш пункти фаолият юритмоқда, уларнинг бир қисми жорий қурилиш-монтаж ишлари туфайли чекловлар билан ишламоқда.

— Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликни сақлашда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ролини қандай баҳолайсиз? Бу соҳада икки мамлакат ўртасида қандай ҳамкорлик мавжуд?

— Албатта, Марказий Осиёдаги хавф­сизлик ва барқарорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг роли бу ерда яққол кўринади. Мамлакатларимиз минтақадаги энг йирик иқтисодиётлардир ва шунга кўра у ёки бу минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун кўпроқ имкониятларга эга. Бироқ шуни таъкидлашни истардимки, бутун минтақанинг барқарорлиги кўп жиҳатдан Марказий Осиёнинг барча бешта давлати қанчалик мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилишига боғлиқ. Бугун биз минтақа давлатларининг интеграциялашув тенденциясини аниқ кўрмоқдамиз. Давлат раҳбарларининг мунтазам саммитлари, Бош вазирларнинг учрашувлари, давлатлараро кенгашларнинг иши — буларнинг барчаси Марказий Осиё аста-секин ишонч ва ҳамкорликнинг ягона маконига айланиб бораётганидан далолат беради, минтақамизда умумий хавфсизлик камарини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Ўтган йилнинг август ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича 2040 йилгача бўлган минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Бу минтақада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим дастурий ҳужжатдир.

Афғонистон мавзуси алоҳида ўрин тутади. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ушбу мамлакатнинг барқарор ва тинч ривожланиши бутун минтақа хавфсизлигининг гаровидир деган фикрдан келиб чиқади. Биз гуманитар ёрдам кўрсатамиз, афғон ёшлари учун таълим дастурларини қўллаб-қувватлаймиз, Афғонистонни минтақавий иқтисодий лойиҳаларга жалб қилиш тарафдоримиз. Жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғига биноан Афғонистонга 2,2 минг тонна гуманитар ёрдам етказилди.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Афғонистон мавзуси бўйича ёндашувлари кўп жиҳатдан мос келаётгани қувонарли ҳол: биз Афғонистонни Марказий Осиёнинг шериги сифатида кўрамиз, унга тинч ривожланиш йўлига тушишга ёрдам бериш керак. Шунинг учун Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ролини баҳолар эканман, шундай дердим: биргаликда биз минтақа хавфсизлигининг стратегик ўзагини шакллантирамиз. Бизнинг ҳамкорлигимиз бугунги кунда нафақат барқарорлик кафолати, балки бутун Марказий Осиёнинг ишончли келажаги учун ҳам пойдевордир.

— Ҳар қандай интеграция жараёнларида маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий алмашинув ҳамда гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Бу соҳада келгусида қандай янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган?

— Гарчи савдо-иқтисодий шериклик муносабатларимизнинг энг муҳим локомотиви бўлса-да, уларнинг асл асоси — бу халқларимизнинг умумий тарихий илдизлари, маънавий яқинлиги ва маданий қардошлиги. Айнан шу мустаҳкам замин Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигини барқарор қилади, унга ишончли тус беради ва маданий-гуманитар соҳада янги уфқларга чиқиш имконини яратади. Ўтган йил кўплаб маданий тадбирлар ва воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил август ойида Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида давлатларимиз раҳбарлари “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг Олмаота шаҳридаги ва Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг Чирчиқ шаҳридаги филиалларини тантанали равишда очиб беришди. Ўтган йили Чирчиқ филиали турли мутахассисликлар бўйича 550 нафар абитуриентни қабул қилди ва жорий йилда ҳам қабул давом эттирилди.

Жорий йил 19 мартдан 1 июнгача Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган атоқли рассом Ўрол Тансиқбоев асарларининг кўргазмаси мамлакатларимиз маданий ҳаётида ҳақиқий воқеа бўлди. Қирқ йил ичида биринчи марта ўтказилган бу кўргазма Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Давлатларимиз раҳбарлари Қосим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган ишчи учрашуви чоғида Ўрол Тансиқбоев ижодига бағишланган кўргазмага биргаликда ташриф буюришида улкан рамзий маъно бор.

Яна бир муҳим воқеа Олмаотадаги Абай номидаги давлат опера ва балет театри саҳнасида “Лазги — қалб ва муҳаббат рақси” балетининг премьераси бўлди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Мен, айниқса, яқинда бўлиб ўтган яна бир тадбир — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг расмий ташрифи доирасида Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи қозоқ — ўзбек илмий-ижодий зиёлилари форумининг аҳамиятини таъкидламоқчиман. Икки мамлакат илмий ва маданий доиралари вакиллари халқ дипломатияси, анъаналарни сақлаш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Олий Мажлис Сенатига ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва форумда иштирок этиш учун айнан мамлакатларимизнинг интеллектуал ва маънавий бойлигини шакллантирувчи инсонлар — ўзбек илм-фани, маданияти ва санъатининг кўзга кўринган намояндалари таклиф қилингани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман. Умид қиламанки, бундай форумларни ўтказиш амалиёти давом этади.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ

(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?