“Бегобод” МФЙда иш бошлаган IT марказда жорий йилда 200 нафардан зиёд ёшларнинг рақамли билим ва кўникмалари оширилади

12:47 19 Январь 2026 Жамият
209 0

Айни пайтда Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар-туманида биттадан маҳалла танлаб олинган бўлиб, белгиланган режа асосида жаҳон андозалари даражасида IT шаҳарча ҳамда рақамли таълим марказлари қурилиши ишлари жадал давом этмоқда.

Учкўприк туманининг “Бегобод” МФЙ ҳудудида иш бошлаган IT марказ бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг амалдаги яна бир самарасидир. Эзгу ташаббус доирасида ўтган қисқа вақт мобайнида маҳаллада замонавий инфратузилмага эга бўлган камхарж ва энергия тежамкор бино қад ростлади. Натижада ахборот технологиялари соҳасида юксак маҳоратга эга янги авлод мутахассислари ишга жалб этилиб, меҳнат бозорида рақобатдош ёш кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

—IT марказ 8 та йўналишда фаолият олиб боради,—дейди Учкўприк тумани ҳокими ўринбосари Аббосхон Аҳмедов.—Хусусан, 3D моделлаштириш, дастурлаш, сунъий интеллект, дизайн графикаси, робототехника йўналиши шулар жумласидандир.

Янгича ёндашувлар асосида фаолият олиб борувчи бундай йўналишлар янги авлод вакилларининг илмий ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, инновация ғояларини фаол қўллаб-қувватлаш имконини беради. Назарий билимларни амалий кўникмалар асосида ривожлантириш орқали дастурий маҳсулотлар жаҳон бозорига экспорт қилинади. Айни мақсадда ахборот технологиялари соҳасида пойтахтдаги ва хориждаги нуфузли илмий-амалий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Эътиборлиси, истиқболли лойиҳани бир неча босқичда ҳаётга татбиқ этиш ва йилдан-йилга фаолият кўламини кенгайтириб бориш кўзда тутилмоқда. Биринчи босқичда марказнинг ўқув ва амалий машғулотлар хоналарига энг сўнгги русумдаги 40 та замонавий компьютер жиҳозлари ўрнатилди.

Биргина жорий йилнинг ўзида “Бир миллион дастурчи” ҳамда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси орқали 200 нафардан зиёд учкўприклик йигит-қизларнинг бу борадаги амалий билим ва кўникмалари оширилади. Шунингдек, иқтидорли ёшлар ахборот технологиялари бўйича маҳаллий ва хориж меҳнат бозорида юқори даромадли касбларга ўқитилади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?