Барча давлат ва халқларнинг манфаатлари учун бирдек долзарб таклиф ва ташаббуслар
Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш учун изчил ҳаракат қилмоқда. Жумладан, 2027 йилгача бўлган беш йиллик ҳамкорлик дастури самарали амалга оширилмоқда. Буюк аждодларимиз — Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзоднинг юбилейлари, Хоразм Маъмун академияси сингари илмий даргоҳлар, “Алпомиш” эпоси каби адабий ёдгорликларнинг тарихий саналари халқаро миқёсда кенг нишонланди. ЮНЕСКО шафелигида “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати”, Бахшичилик, Ҳунармандчилик, Этноспорт фестиваллари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, (2021 йил), “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” (2023 йил) каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон ҳамиша ЮНЕСКО ишига муҳим ҳисса қўшиб келаётган давлат сифатида унинг фаолиятини янги мазмун билан бойитиш учун ўз таклиф ва тавсияларини илгари суриб келган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида ҳам кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Ижтимоий адолат тамойили сари
Давлатимиз раҳбари инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш, таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш бўйича таклифни илгари сурди. Шунингдек, президентимиз Сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишни таклиф этди.
Ушбу таклифларнинг аҳамияти жуда кенг ва стратегик бўлиб, улар Ўзбекистоннинг таълим тизимини нафақат миллий даражада модернизация қилишга, балки халқаро майдонда ҳам инклюзивлик ва технологиялар этикаси бўйича етакчиликни қўлга киритишга қаратилган.
ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш таклифи таълимдаги асосий ижтимоий адолат тамойилини амалга оширишга хизмат қилади. Жисмоний ёки ижтимоий хусусиятларидан қатъий назар, ҳар бир болага сифатли таълим олиш имкониятини яратиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ 4) талабларига тўлиқ мос келади. ЮНЕСКО платформасининг жорий этилиши инклюзив таълим соҳасида энг яхши халқаро тажрибалар ва методологияларнинг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлайди. Инклюзив таълим болаларнинг жамиятга тўлиқ интеграциялашувига ёрдам беради, бу эса узоқ муддатда инсон капиталини оширишга кўмаклашади.
ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект — мактаб” намунавий лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси мамлакатнинг таълим тизимини рақамлаштириш ва уни асримиз талабларига мослаштириш борасидаги жиддий қадамини кўрсатади. ЮНЕСКО билан ҳамкорлик эса лойиҳанинг халқаро стандартларга мослигини, этик меъёрларга риоя қилинишини ва энг илғор технологиялардан фойдаланилишини кафолатлайди.
Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифи Ўзбекистонни профессионал таълим соҳасидаги халқаро мулоқот ва тажриба алмашинуви учун марказий майдончага айлантиради. Халқаро миқёсдаги бундай тадбирни ўтказиш мамлакатнинг таълим соҳасидаги очиқлиги ва ислоҳотларга тайёрлигини намойиш этади.
ЮНЕСКО шафелигида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказиш таклифининг энг муҳим жиҳати шундаки, мамлакат Сунъий интеллект технологияларини фақат жорий этиш билан чекланмасдан, балки уларни масъулиятли ва этик жиҳатдан тўғри қўллашга эътибор қаратмоқда. Анжуман Сунъий интеллект тизимларидаги потенциал хавфларни (масалан, нохолислик, маълумотлар махфийлиги, ўқитувчиларнинг ролининг ўзгариши) муҳокама қилишга ва уларни бартараф этиш учун халқаро меъёрларни ишлаб чиқишга ёрдам беради. Сунъий интеллект этикаси ҳозирда глобал сиёсий ва илмий кун тартибининг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бундай анжуманни ўтказиш Ўзбекистонни бу соҳада фаол ва етакчи позицияга олиб чиқади.
Ноёб мерослар — бебаҳо мерос
Давлатимиз раҳбари конференцияда ноёб мерос объектлари бўлган халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотларни сақлаш, уларнинг барча учун очиқлигини таъминлаш мақсадида яратилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш, дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни — Ҳужжатли мерос халқаро куни, деб эълон қилиш, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, қадимий Бухорода 2027 йили ҳунармандчилик йўналишида халқаро конгрессни қабул қилиш таклифи билдирилди.
“Жаҳон хотираси” дастури ноёб халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва бошқа қимматли тарихий ҳужжатларни сақлашга қаратилган. Бу каби объектлар ҳар бир миллат ва жамиятнинг ўзига хос маданиятини, тарихини ва билимларини акс эттиради. Уларни сақлаш орқали биз келажак авлодларга бой маънавий хазинани етказамиз. 19 ноябрни — Ҳужжатли мерос халқаро куни, дея эълон қилиш, бутун дунёда ҳужжатли мероснинг аҳамиятига эътиборни қаратишга хизмат қилади. Бу кун орқали одамлар ўзларининг маданий ва тарихий ҳужжатларига эътибор беришга, уларни сақлаш ва ўрганишга рағбатлантирилади. Дастурнинг асосий мақсадларидан бири — бу маданий маълумотларни барча учун очиқлигини таъминлаш. Бу эса тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчиликнинг тарихий манбаларга осонроқ киришини, улардан фойдаланишини ва билим олишини англатади.
ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этиш эса замонавий технологиялар ёрдамида маданий меросни рақамлаштириш, уни сақлаш ва тарқатиш имкониятларини кенгайтиради. Бу, айниқса, физик йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган ёки жуда кам нусхада мавжуд бўлган ҳужжатлар учун муҳимдир. Ушбу дастур ва таклифлар бутун дунё миқёсида маданий меросни сақлаш борасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Турли давлатларнинг тажриба алмашиши, биргаликда лойиҳалар амалга оширишига шароит яратади.
Қадимий Бухорода 2027 йили ҳунармандчилик йўналишида халқаро конгресснинг Бухорода ўтказилиши, бу соҳадаги замонавий ютуқларни, анъанавий техникаларни ва янгича ёндашувларни муҳокама қилишга имкон беради. Бухоро — жаҳон цивилизациясининг қадимги марказларидан бири бўлиб, ўзининг бетакрор меъморий ёдгорликлари ва анъанавий ҳунармандчилик мактаблари билан машҳур. Конгрессни қабул қилиш, шаҳарнинг дунёвий маданият ва ҳунармандчиликдаги ўрнини янада мустаҳкамлайди, туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Конгресс Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан келган ҳунармандлар, усталар, мутахассислар учун ўз ишларини намойиш этиш, тажриба алмашиш ва янги алоқалар ўрнатиш учун ажойиб имконият яратади. Халқаро тадбирлар, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга ва маданий алмашинув орқали ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашади.
Билим ва тажриба алмашиш тараққиётга етаклайди
Президентимизнинг хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун аъзо давлатларнинг энг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш, билимлар алмашиш мақсадида Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказиш таклифи бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Академия хотин-қизларни етакчилик лавозимларига тайёрлаш, уларнинг замонавий дунё талабларига мос келадиган кўникма ва билимларга эга бўлишларини таъминлашга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг ролини ва таъсирини кучайтиради. Академия муаммоли масалаларни ҳал қилиш, қарор қабул қилиш, жамоани бошқариш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш каби етакчилик компетенцияларини шакллантиришга қаратилган махсус дастурларни таклиф этиши мумкин. Академия турли мамлакатлардан келган хотин-қиз етакчиларни, тадқиқотчиларни ва мутахассисларни бирлаштириб, ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун глобал платформани яратади. ЮНЕСКОнинг асосий мақсадларидан бири — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни тарғиб қилиш ва таълим, маданият, фан орқали тинчликни мустаҳкамлаш. Академия бу мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутади.
Самарқандда Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форум орқали турли қитъаларнинг энг илғор тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагоглар ва ихтирочи хотин-қизлар бирлашиб, бу соҳалардаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишади ва уларга ечим топиш йўлларини излашади. Самарқанд, ўзининг бой тарихи ва маданий мероси билан, бу каби йирик халқаро тадбирларни ўтказиш учун жуда мос макон. Форум ўтказиш шаҳарнинг дунёвий интеллект ва маданият маркази сифатидаги обрўсини янада оширади. Турли мамлакатлар ва соҳалардан келган мутахассисларнинг учрашуви янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига, инновацион ғояларнинг пайдо бўлишига ва уларнинг амалга оширилишига туртки беради.
Форум хотин-қизларнинг таълим, маданият ва фан соҳаларидаги муносиб ҳиссаларини, уларнинг эришаётган ютуқларини кенг намойиш этиш учун майдонча бўлади. Бу эса бошқа хотин-қизларни ҳам ушбу йўналишларда фаол бўлишга рағбатлантиради. Умуман олганда, ушбу таклифлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, глобал миқёсда таълим, маданият ва фанни ривожлантиришга қаратилган муҳим ва юқори аҳамиятга эга ташаббуслардир.
“Яшил” дастурлар барқарор келажак кафолати
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган атроф-муҳитга масъулият билан ёндашаётган, “яшил” дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни алоҳида эътироф этиш ва рағбатлантириш бўйича “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббуси ҳам бугунги кунда ғоят долзарб аҳамиятга эга. Бундан ташқари, Президентимиз ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқишга чақирди. Мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказиш таклиф этилди.
“ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббуси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” технологияларни қўллаш, чиқиндиларни камайтириш ва қайта ишлаш, энергия тежовчи ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш каби экологик барқарорликка эришаётган шаҳарларни рағбатлантиради. Бу эса глобал экологик муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилади. Муваффақиятли “яшил” дастурларни татбиқ этаётган шаҳарларни эътироф этиш, уларнинг тажрибаларини бошқа шаҳарларга ўрнак қилишга имкон беради. Бу эса бутун дунё бўйлаб экологик тоза ривожланиш моделларининг тарқалишига ёрдам беради. “Экологик пойтахт”ларни танлаш жараёнида шаҳар аҳолисининг экологик маданияти, табиатга бўлган муносабати ҳам инобатга олинади. Бу эса аҳолининг экологик масалаларга бўлган масъулиятини оширади.
“Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Гап шундаки, иқлим ўзгаришлари (сув тошқинлари, қурғоқчилик, экстремал об-ҳаво ҳодисалари) кўплаб моддий ва номоддий маданий мерос объектларига жиддий хавф туғдиради. Мазкур резолюция лойиҳаси бу хавф-хатарларни баҳолаш ва уларга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга йўналтирилган. Резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш, турли мамлакатларнинг маданий меросни ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиради. Бу эса умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш имконини яратади.
Маданий меросни асрашда замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш: Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлашнинг янги, самарали усулларини, технологияларини ва стратегик ёндашувларни ўрганиш ва жорий этиш зарур. Хивада ўтказиладиган халқаро симпозиум бу борада муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Хива — ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, ўзининг ноёб архитектураси билан машҳур шаҳар. Иқлим ўзгаришлари бундай қадимий шаҳарлар учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Мазкур тадбирларнинг Хивада ўтказилиши, шаҳарнинг маданий қадриятларини тарғиб этиш билан бирга, унинг экологик масалаларда ҳам фаол иштирок этаётганини кўрсатади.
Медиа саводхонлик — ёшларни манипульятив таъсирлардан ҳимоя қилишнинг энг самарали йўлидир
Бугунги кунда виртуал маконда нохолис ахборотларни тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш жиддий заруратга айланмоқда. Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари томонидан Рақамли трансформация муҳитида дунёқараши шаклланаётган ёш авлоднинг энг яхши ижодий ишлари, мультимедиа ғояларини ўзаро алмашиш учун Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ташаббуси долзарб аҳамиятга эга. Виртуал маконда нохолис ахборотлар, дискриминация ва салбий контент кўпайган бир пайтда, фестивал ёш авлод учун ижобий, маданий қадриятларга бой ва таълим берувчи мультимедиа контентини яратиш ва тарқатишга рағбат беради. Фестивал болалар ва ўсмирларга ўзларининг энг яхши ижодий ишларини, мультимедиа ғояларини намойиш этиш имконини беради. Бу эса уларнинг ижодий фикрлашини, янги технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ва дунёқарашини шакллантиришга ёрдам беради. Халқаро фестивал турли мамлакатлардан келган болалар ва ёшларнинг маданиятларини, урф-одатларини акс эттирувчи контентларни ўзаро алмашишига шароит яратади. Бу эса ёш авлодда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва глобал маданиятга қизиқишни оширади. Фестивал ёшларни рақамли воситаларни фақат истеъмол қилиш эмас, балки улардан ижодий ва мақсадли фойдаланишга, яъни контент яратувчи бўлишга ундайди. ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегияси инсонларга ахборотни танқидий баҳолаш, манбаларни текшириш ва унинг мақсадини тушуниш кўникмаларини беради. Нохолис ахборотлар ва дезинформация кўпинча жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияни кучайтириш ёки ёшларни радикал ғояларга жалб қилиш мақсадида ишлатилади. Медиа саводхонлик стратегияси ёшларни бундай манипульятив таъсирлардан ҳимоя қилишнинг энг самарали йўлидир.
Тинчлик ва бағрикенглик — Исломнинг ҳақиқий моҳияти
Дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин. Президентимиз бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар — Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирди. Дунёда турли дин ва эътиқод вакиллари ўртасидаги кескинликлар, низолар ва исломофобия каби салбий ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Бу эса жаҳон тинчлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солмоқда. Исломнинг ҳақиқий моҳияти, унинг тинчлик, бағрикенглик, илм-фан ва цивилизация ривожига қўшган ҳиссасини очиб бериш орқали, кўп ҳолларда нотўғри тушуниладиган ёки бузиб кўрсатиладиган Исломга бўлган салбий қарашларни (исломофобия) енгиш мумкин. Ислом маданияти ва маърифатининг бойлигини, унинг умуминсоний қадриятларга мослигини кўрсатиш, турли маданият ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва тушунишни оширишга хизмат қилади. Бу каби лойиҳаларнинг ташаббускори бўлиш орқали Ўзбекистон Ислом дунёсида ва жаҳон миқёсида маданият ва маърифат, бағрикенглик ва тотувликни тарғиб қилувчи марказ сифатида ўзининг ўрнини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида билдирилган таклиф ва ташаббуслар барча давлат ва халқларнинг манфаатлари учун бирдек долзарб ва аҳамиятлидир.
Фазлиддин Абилов
“Xalq soʻzi”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг