Балиқчилик кластери: замонавий усуллар самараси

14:28 31 Октябр 2024 Жамият
209 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган 406 та балиқчилик хўжаликлари томонидан жорий йилда 32 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган. Ҳозир вилоятда бу борада интенсив технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда аэратор мосламаларини ўрнатиш эвазига 165 гектар сув ҳавзалари интенсивлаштирилди.

Пастдарғом туманидаги балиқчилик кластери дастлаб 4 гектар майдонда ўз фаолиятини бошлаган бўлса, кейинчалик ҳавзалари ҳажмини 32 гектарга кенгайтирди. Айни пайтда ушбу кластер томонидан йилига 1 минг 700 тонна балиқ аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда. Муҳими, бу ерда селекция уруғчилиги ишлари тўлиқ циклда амалга оширилиб, балиқчилик хўжаликлари бир йилда 3 миллион дона балиқ чавоқлари билан таъминланади.

Кластер қошида 300 тонна балиқ етиштиришга мўлжалланган иссиқхона ҳамда сиғими 700 тонна бўлган музлатгич ташкил қилинган бўлиб, бу ерда ярим тайёр маҳсулотлар сақланади.

Балиқларни озиқлантириш, уларни кислород билан тўйинтириш, кўпроқ маҳсулот олиш мақсадида хорижий давлатлардан замонавий ускуналар олиб келиб ҳавзаларга ўрнатилган. Бундан ташқари, балиқлар учун зарур бўладиган озуқаларни хўжаликнинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилган.

— Иссиқхона ташкил этишимизга сабаб, ер остидаги 360 метр чуқурликдан сув чиқарганмиз. Унинг иссиқлиги 23 даражада, — дейди балиқчилик кластери раҳбари Тўлқин Жўрамуродов. — Иссиқхонанинг ичи 27 даражада бўлиб туради. Бу балиқларнинг яшаши, ривожланишига мос келади. Аввал бир гектардан 3 тонна балиқ олиб келган бўлсак, балиқларни озиқлантириш, кислород билан тўйинтириш учун замонавий ускуналар ўрнатганимиздан кейин ҳосилдорлик 30 тоннагача чиқди.

Дарвоқе, балиқчилик кластерида аҳоли хонадонларига кичик ҳажмдаги бассейн ва чавоқлар ҳамда балиқ озуқалари етказиб берилиб, етиштирилган балиқлар кластер томонидан сотиб олинмоқда. Бу билан аҳолини бандлиги таъминланиб, даромадлари ҳам ошмоқда.

Келгусида балиқчилик кластерининг имкониятларидан келиб чиқиб, ҳудудда агро ва экотуризм соҳаларини ривожлантириш режалаштирилган. Ҳавзалар бўйида замонавий кемпинглар қуриш, балиқ овига қизиқувчилар учун зарур шароитларни яратиш, шу билан бирга балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш лойиҳаларини ҳам амалга ошириш белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?