«Бахшилар баҳси»: IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг иккинчи куни якунланди

02:00 28 Апрель 2025 Жамият
472 0

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Хива шаҳрида ўтказилаётган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг иккинчи куни ҳам ўз ниҳоясига етди. Очилиш маросимидан сўнг старт олган танлов баҳсларида маҳаллий ҳамда халқаро иштирокчилар қатнашди. Танлов баҳслари Ичан қалъа мажмуасида жойлашган бадиий саҳнада ўтказилди.


Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Бахшилар ва оқинлар миллий эпик санъатининг энг сара намуналарини намойиш этиб, томошабинларга унутилмас таассуротлар улашди.

Кун давомида намойиш қилиб борилган тадбирлардан кўриш мумкинки, фестиваль доирасида Ичан қалъа майдонида ташкил қилинган турли тадбирларда мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларидан ташриф буюрган бахшилар гуруҳи ўз айтимлари, термалари ҳамда куй-наволари билан кузатувчиларнинг кайфиятига кайфият қўшишди.

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Жумладан, Тошкент вилоятидан «Кўзмунчоқ», Тошкент шаҳридан «Дурдона», Бухоро вилоятидан «Омонёр», Наманган вилоятидан «Хазратибоб», Қорақалпоғистон Республикасидан «Сувсепсер», Сурхандарё вилоятидан «Жануб садолари» ҳамда Жиззах вилоятидан «Боғдон» фольклор-этнографик халқ жамоалари каби ўнлаб бахшилар фестиваль доирасида ташкил қилинган турли тадбирларда ўз айтимлари билан барчага шодлик улаша олдилар.

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Кун ботар чоғда барча меҳмонлар асосий танлов баҳслари бўлиб ўтажак майдон томон йўл олишди. У ерда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган бахшилар жамоалари ўз чиқишлари билан мазкур фестивалнинг танлов баҳсларида иштирок этишди. Фестиваль саҳнасига биринчи бўлиб сурхондарёлик бахши Жовли Тангриев чиқиш қилди. Кейин эса Эрон Республикасидан ташриф буюрган «Аранг» мусиқий гуруҳи куйлади. Тожикистонлик бахши Абдураҳмон Ҳасанов «Алпомиш» достонини куйлаган бўлса, Япониядан ташриф буюрган мусиқий гуруҳ аъзолари ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Шунингдек, фестивалнинг танлов баҳсларида «Алпомиш», «Рустамхон», «Хирмондали», «Ошиқ Маҳмуд» каби ўнлаб миллий маданиятимизнинг ўлмас дурдоналари ҳам ижро этилиб, кузатувчилар ҳамда сайёҳларнинг эътиборини ўзига қарата олди.

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасидаги танлов босқичи иштирокчиларинининг чиқишларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб боришди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари турли давлатлардан танлаб олинган бўлиб, улар:

  • Озарбайжон Республикасидан атоқли маданият академиги Самира Алиева,
  • Қувайт давлатидан Қувайт Давлати Таълим ва кадрлар тайёрлаш сиёсати давлат бошқармаси бошлиғи Амер Жаафар,
  • Мўғулистондан Мўғул халқининг маданият элчиси ва давлат достончиси Эрденетсогт Баатаржав,
  • Россия Федерациясидан филология фанлари доктори, профессор Хусаинова Гулнур,
  • Қозоғистон республикасидан Қозоғистон миллий санъат университети профессори, Санъатшунослик фанлари номзоди Элмира Жанабергенова,
  • Венгриядан «Венгрия мероси» ташкилоти бош директорининг маслаҳатчиси Гергелй Агоcс,
  • Ўзбекистон Республикасидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти «Чолғу ижрочилиги» кафедраси профессори Ўрозали Тошматов ҳам ўрин олган.
Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Хива шаҳрида ўтказилаётган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали давом этмоқда. 200 га яқин иштирокчиларни ўзида жамлаган ушбу фестиваль ҳозирда бутун дунёнинг эътибор марказида бўлиб тургани шубҳасиз. Мусобақа ғолиблари, фестивалнинг сўнгги кунида аниқланиб, тақдирланадилар.

Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?