“Байрам хавфи”: пиротехника воситаларига қарши рейдлар ўтказилмоқда

13:18 10 Декабрь 2024 Жамият
165 0

Янги йил байрами яқинлашмоқда. Афсуски, бу пиротехника савдоси билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар авж олишини ҳам англатади.

Сирдарё ва Фарғона вилоятларининг божхона бошқармалари ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона вилояти Данғара тумани ҳудудида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланувига қарши тезкор тадбир ўтказишди.

Тезкор тадбир давомида, “Спарк“ русумли енгил автотранспорт воситаси Данғара тумани ҳудудида тўхтатилиб белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, автомашинада хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 71 млн сўмлик 3 турдан иборат жами 85 856 дона салют ва петардалар борлиги аниқланди.

Бундан аввалроқ, Бухоро вилоятида салкам 54 млн сўмлик, пиротехника воситаларининг ноқонуний ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 14,4 минг дона петарда ва 112 дона салютлар айланмасига чек қўйилган эди.

Яна бир ҳолатда, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги хонадондан 658,6 млн сўмлик пиротехника буюмлари ашёвий далил сифатида олинган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Бундай ноқонуний ва хавфли бўлган воситалардан фойдаланиш оқибатлари ҳақида қанчалик кўп гапирилмасин, улар доим ўз харидорларини топиб бормоқда. Энг ёмони, фойдаланувчиларнинг катта қисми ёш болалар. Пиротехника воситаларининг зарарли эканлигини уларни харид қилувчилар тушуниб етмас экан, бундай рейдлар катта самара бера олмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?