Байрам арафасида юридик техникуми биноси фойдаланишга топширилди

15:09 20 Декабрь 2024 Жамият
189 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоят юридик техникуми Президентимизнинг 2020 йил 30 апрелдаги тегишли фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда муассасада 335 нафар ўқувчи учта йўналишда таҳсил олмоқда.

Таъкидлаш жоиз, ўша вақтда техникум учун ҳудуддаги собиқ касб-ҳунар коллежларидан бирининг бўш қолган биноси ажратиб берилган, бироқ у жуда таъмирталаб, мавжуд шарт-шароитлари талабига жавоб бермасди.

Ўтган йили Адлия вазирлиги ташаббуси билан техникум биносини таъмирлаш бошланди. Бир йил давомида қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида техникумнинг 2 та ўқув биноси, маъмурий бино, ошхона, кутубхона ва ёрдамчи бинолари тубдан қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Замонавий компьютерлар, ўқув-услубий қуроллари, зарур кўргазма воситалар билан жиҳозланди.

Бундан ташқари, ахборот-ресурс маркази, 5 та катта маърузалар зали, 2 та конференциялар зали, 2 та талабаларга хизмат кўрсатиш маркази, юридик клиника ташкил этилди.

Янги йил байрами арафасида техникум биносининг фойдаланишга топширилиши янада тантанали тус олди.

Тадбирда Адлия вазирлиги, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ОАВ вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар бугун мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталди.

— Президентимиз таъкидлаганидек, “Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади”, — деди Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов. — Бугун бу соҳада амалга ошираётган барча саъй-ҳаракатларимиздан мақсад ҳам шунга қаратилган.

Иштирокчилар муассасада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, унинг моддий-техник имкониятларини юқори баҳолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?