Баҳорни соғинганлар учун бебаҳо тортиқ

15:21 24 Январь 2023 Жамият
537 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти Бағдод тумани марказида баҳор элчиси – сумалак сотилмоқда. Бу ҳозирги совуқ кунларда кўклам соғинчи билан яшаётган туман аҳли учун ўзига хос туҳфа бўлди.

— Насиб қилса, «илик узилди» кунлар ҳам яқинлашмоқда, —дейди Бағдод тумани «Дўстлик» МФЙда истиқомат қилувчи Донохон ая Султонова. — Шундай пайтда организм кучсизланиб, табиий дармондориларга кучли эҳтиёж сезади. Айниқса, бу йилги аёзли кунлар ҳаммамизни синовдан ўтказди. Айни пайтда фарзандларим билан, оилавий анъанамизга кўра, сумалак тайёрлаб, эл дастурхонига етказишдек савобли ишни бошлаб юбордик. Энди Наврўз байрамигача шу юмуш билан банд бўламиз.

— Қарийб 15 йилдан буён онам қиш чилласида уйда сумалак тайёрлаб, бозорга олиб чиқади, — дейди онахоннинг ўғли Музаффар Маткаримов. — Онам тайёрлайдиган сумалакнинг дармондорилиги ва ўзига хос мазаси бутун туманимизда машҳур. Шу боис бу сумалакнинг харидорлари кўп.

Айтиш керакки, бу оила аъзолари ҳар куни бир қозон сумалак тайёрлаб, бозорга чиқармоқда. Маҳсулот бир марталик идишларга жойланган ҳолда мижозларга таклиф этиляпти. Сумалакнинг ярим литри 15 минг, бир литри 30 минг сўм.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?