Азиз Абдуҳакимов қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси билан видеомулоқот қилди

20:17 29 Январь 2022 Спорт
2451 0

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Хабарингиз бор, тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев 2022 йил 4 — 20 февраль кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказиладиган XXIV қишки Олимпия ўйинларида иштирок этади. 

Спортчимиз тоғ чанғисининг слалом ва гигант слалом йўналишларидаги мусобақаларда иштирок этади.

Ҳамюртимиз қишки Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида шу йилнинг 6 январида Италияга жўнаб кетганди. Шу кунларда К.Тўхтаев Италиянинг Брунико шаҳри яқинидаги Мангуэлфо қишлоғида италиялик тренер Маттиа Ганесси раҳбарлигида машғулот олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов кеча спортчимиз билан онлайн видеомулоқот ўтказди.

Видеомулоқот аввалида вазир спортчимизнинг саломатлиги ва бўлажак мусобақага тайёргарлик жараёни, қолаверса яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўради. Шунингдек, бўлажак қишки Олимпия ўйинларида Комилжон Тўхтаевга омад тилаган ҳолда унинг ортида, аввало, Президентимиз, яқинлари, қолаверса, кўп миллионлик юртдошларимиз турганлигини таъкидлаб, ундан барча ижобий натижа кутаётганлигини айтиб ўтди.

— Президентимиз ва халқимиз номидан сизга бўлажак мусобақаларда омад тилаймиз. Аслини олганда қишки Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганлигингиз, унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишингизнинг ўзи катта муваффақият. Шундай бўлса-да, Олимпия ўйинларида юртимизга медаль тақдим этсангиз, сизни ҳам ёзги Олимпия ўйинлари ғолиблари каби тантаналар билан кутиб оламиз ва тақдирлаймиз. Энг муҳими, ушбу нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиш орқали Ўзбекистонда қишки спорт турларини оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган бўлардингиз. Шунинг учун сизга бўлажак мусобақаларда омад ва зафар тилаймиз, — деди Азиз Абдуҳакимов видеомулоқотда.

Ўз навбатида, Комилжон Тўхтаев ҳам юртимизда сўнгги йилларда қишки спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, спортчи сифатида бундан мамнун эканлигини эътироф этди.

Шунингдек, видеомулоқотда вазир Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Спортнинг қишки ва экстремал спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилаётганини айтиб ўтди ҳамда Комилжон Тўхтаевни мазкур таълим даргоҳи фаолиятини йўлга қўйишда ўз амалий таклифлари ва маслаҳатлари билан фаол иштирок этишга чақирди.

Видеомулоқот якунида К.Тўхтаев Ўзбекистон халқини қувонтириш учун астойдил ҳаракат қилишга ваъда берди.

Ўз ўрнида, Туризм ва спорт вазирлиги XXIV қишки Олимпия ўйинларида ҳамюртимизга омад тилаб қолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер