Аёллар ҳуқуқлари масаласи жаҳон парламентлари нигоҳида

20:18 12 Сентябр 2022 Жамият
470 0

Ҳар бир давлат ва жамият ўзига хос ривожланиш ва тараққиёт қонунларига асосланган ҳолда тараққий топади, юксалади. Давлат ва жамият сиёсий муносабатларида инсон омили ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бунда аёлларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.

Янги Ўзбекистонда жорий йилнинг 8 — 9 сенябрь кунлари нуфузли халқаро анжуман — Парламентлараро Иттифоқ аъзоси бўлган давлатлар парламентлари аёл-раҳбарларининг 14-саммити юқори даражада ташкил этилди. Мазкур нуфузли халқаро анжуманда бевосита қатнашган иштирокчи сифатида ишонч билан айтишим мумкинки, бу жараёнда она сиймосидаги аёл зотига бўлган давлатимиз сиёсатининг, юксак эҳтиром, эъзоз ва ғамхўрликнинг олий намунасини амалда яна бир бор гувоҳи бўлдик.

Тошкент саммитининг ўзига хос сиёсий жиҳати шундаки, Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи марта айнан янги Ўзбекистонда ташкил этилганлиги ҳамда юртимизда сўнгги беш йилликдаги ислоҳотлар самарасининг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганидадир.

Бинобарин, инсоният тарихидан маълумки, ҳар бир жамиятнинг маданий ва маънавий даражаси аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Бугун халқаро миқёсдаги бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда аёлларнинг фаол иштирок этиши тенденцияси умум эътироф этилган. Гендер тенглигининг асосий шарти ва кўрсаткичи бўлган бу мезон жамият барча аъзоларининг истиқболли ривожланишга қўшган ҳиссасини қадрлашга қаратилган.

Таъкидлаш жоиз, халқаро майдонда Парламентлараро Иттифоқ барча мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган дунёдаги (1889 йилда асос солинган) кўп томонлама халқаро сиёсий ташкилот саналади. У дунё мамлакатлари парламентлари манфаатларини ҳимоя қилади ва халқаро ҳуқуқ институтларини ривожлантиришда етакчи роль ўйнайди.

Парламентлараро Иттифоқ минтақавий парламентлараро ташкилотлар ва халқаро, ҳукуматлараро ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. 2022 йил ҳолатига кўра, Парламентлараро Иттифоққа 192 та мамлакатнинг миллий парламентлари ва 14 та минтақавий парламент ассамблеялари аъзо ҳисобланади. Ташкилот демократия ва инсон ҳуқуқлари, парламентарийларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ҳамда парламентнинг аёллар қўмиталарида, шу билан бирга, геосиёсий гуруҳлар ва ихтисослашган комиссияларда иш олиб боради.

“Ҳамма учун демократия сари” шиори бўлган ушбу халқаро ташкилот БМТ Бош Aссамблеясида доимий кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон мазкур ташкилотга 2017 йил октябрь ойидан буён аъзо ҳамда 2019 йил 18 октябрдаги 141-Aссамблеясида академик Aкмал Саидов Олий Мажлисни ўз ичига олган Евроосиё гуруҳидан Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланган.

Парламентлараро Иттифоқнинг Гендер шериклик гуруҳи 2013 йил октябрь ойида гендер тенглик масалаларини ҳисобга олишни ва тенгликни аниқлаш сиёсатини ташкилот фаолиятининг мустаҳкам асоси сифатида расман қабул қилди. Парламентларнинг аёл-раҳбарлари саммити эса ўзаро тажриба ва фикр алмашиш, аёл-парламентарийлар ўртасида очиқ, самимий ва доимий ҳамкорлик ўрнатиш учун энг қулай платформадир.

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, аёллар 3 та парламентда (Руанда, Куба ва Бирлашган Aраб Aмирликлари) парламент умумий аъзоларининг 50 фоизини ёки ундан кўпини, 20 та парламентда эса 40 дан 50 фоизгача қисмини ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Олий Мажлисдаги аёлларнинг 32,7 фоиз улуши билан 45-ўринни эгаллаб, Германия, Сингапур, AҚШ, Россия Федерацияси, Япония каби давлатлардан олдинда бормоқда.

Эътироф этиш керак, парламентлардаги аёл-спикерларнинг халқаро учрашуви ҳар йили гендер тенглиги ҳимоячилари ва халқаро ҳамжамият эътиборини кучайтирмоқда, чунки ушбу тадбир асосан энг долзарб ижтимоий муаммолар ва уларнинг ечимига доир масалаларга бағишланиши билан диққатга сазовор.

Парламентлараро Иттифоқ аёл-спикерларининг халқаро саммити 2005 йилдан бошлаб ҳар йили (2011, 2017, 2019-2020 йиллардан ташқари) ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили 6 сентябрда Венада “Аёллар диққат марказида: пандемияга қарши туришдан тортиб, ютуқларни сақлаб қолиш ва гендер нуқтаи назаридан тикланишгача” мавзусида видео конференция режимида бўлиб ўтган 13-саммитда 57 мамлакат вакиллари қаторида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Унда навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Нима сабабдан 14-саммит учун айнан Ўзбекистон танланди?

Бунга асосий сабаб сўнгги йилларда мамлакатимизда жадал амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳамда уларнинг халқчиллиги ва ҳаётийлиги халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотгани, Янги Ўзбекистоннинг қисқа муддатдаги ва катта амалий тажрибаси глобал ўрганиш учун муносиб топилгани, жумладан, жамиятимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёл қадрини ва унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий соҳалардаги барча бўғинларда фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида эришилган бемисл ютуқлар, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.

Сир эмас, 2017 – 2021 йилларда жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилишига эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўрни ва роли алоҳида эътиборга молик.

Хусусан, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида биринчи марта Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. 2021 йилда Сенатнинг 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида қарори эълон қилинганлиги дунё давлатларининг Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишончини янада орттирди.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатиб, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.

Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида минглаб аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Олий Мажлис палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда рўйхатдан ўтган 21 млн 435 минг сайловчининг қарийб 50 фоизи ёки 10 млн. 825 минг 641 нафари хотин-қизлардир. Ушбу сайловларда кўрсатилган номзодларнинг 41 фоизи аёллар бўлиб, уларнинг сони Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган 30 фоизлик квотадан ортди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 32, Сенати аъзоларининг ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этганлиги фикрларимизнинг яққол исботидир. Албатта, бу натижалар саммит қатнашчилари томонидан юксак эътироф этилди.

Президентимизнинг 2022 йил 7 мартда қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса саммит борасидаги ташкилий-ҳуқуқий тайёргарлик учун ҳам муҳим асос бўлди. Фармон билан “2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур” ҳамда уни 2022 – 2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Комплекс чора-тадбирлар режаси II бўлими (“Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш”) “Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш” деб номланган 2.3-бандининг 54-графасида “Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Ўзбекистонда парламентлар аёл-спикерлари Глобал саммитини ташкил этиш” ва бу борада қатор чора-тадбирлар назарда тутилганди.

Умуман олганда, Парламентлараро Иттифоқ аъзоси бўлган давлатлар парламентлари аёл-раҳбарларининг 14-саммитининг асосий мақсади парламентларнинг гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича устувор йўналишлари ва ҳаракатларини аниқлашдан иборат бўлди.

Барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди, пандемия ва унга боғлиқ инқирозлардан олинган сабоқлар, келажакда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар муҳокама қилинди.

Чунончи, 14-саммитнинг:

“Пандемиядан кейинги глобал тикланишга тўсиқ бўладиган хатарларни бартараф этиш” номли биринчи сессиясида Халқаро меҳнат ташкилоти вакили, Россия, Баҳрайн, Озарбайжон, Белгия, Бангладеш, Туркманистон давлатлари парламент аёл-раҳбарлари маъруза қилиб, унда: “COVID-19” пандемияси сабоқларидан иқтисодий барқарорликни ошириш учун фойдаланиш; тенгсизлик ва ҳимоясизлик (ожизлик)ни қисқартирадиган ижтимоий ва ҳамжиҳат иқтисодиётга эришиш; хотин-қизларни ҳимоялаш, жумладан, уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун кўриладиган зарурий чоралар; иқтисодий тикланиш иқлим ўзгариши компонентини ўз ичига олишини таъминлаш муаммолари; иқтисодиётни тиклаш бўйича ўз мамлакатларида қабул қилинган илғор тажрибалар жаҳон парламентлари аёл-раҳбарлари томонидан энг яхши амалиёт сифатида мисол қилиб келтирилиши каби масалалар кўриб чиқилди;

“Технологиялар билан боғлиқ хавф-хатарларларнинг олдини олиш ва технологиялар оламида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини ҳимоя қилиш” мавзусидаги иккинчи сессиясида БМТ махсус маърузачиси, Европа паламенти вице-президенти ҳамда Индонезия, Словения, Черногория, Руанда, Испания мамлакатлари парламентлари аёл-раҳбарларининг маърузалари тингланиб: “COVID-19” пандемияси рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларга ўтишни тезлаштиргани; рақамли бўшлиқларни бартараф этиш бўйича миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган ташаббуслар; парламентлар қандай усул, услуб ва шаклларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали яхшироқ ва кенгроқ тарғиб этиши ҳамда ҳимоя қилиши мумкинлиги каби масалалар атрофлича ва халқаро даражада муҳокама қилинди.

Саммитнинг 9 сентябрдаги 2-иш кунида “Барқарорлик ва фаровонликни мақсад қилган гендерга мос парламентлар” деб номланган махсус сегмент доирасида Баҳрайн, Индонезия, Бангладеш, Словения, Зимбабве, Бельгия, Жанубий Судан давлатлари парламентлари аёл-раҳбарлари долзарб мавзуларда маърузалар билан иштирок этишди.

Анжуман якунида Саммитнинг якуний ҳужжати — Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатнинг асосий мазмун-моҳияти шундаки, унда мамлакатларнинг барқарор равнақ топишини ва фаровонлигини таъминлаш, мавжуд хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни бартараф этишда гендер тенглигига йўналтирилган парламент етакчилигини шакллантириш билан боғлиқ устувор вазифалар кўзда тутилган.

14-саммитнинг бевосита иштирокчиси сифатида шуни эътироф этишни истардимки, ушбу саммитдан келиб чиқадиган келгусидаги устувор вазифалар ҳам белгиланди. Булар:

биринчи, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш;

иккинчи, аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига алоҳида эътибор қаратиш;

учинчи, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аёллар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш ва таъқиб қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалда қўллаш;

тўртинчи, хотин-қизлар муаммолари ечимларига ва гендер тенгликни тўлиқ таъминлаш масалаларига доир ҳуқуқий асосларни парламентлар етакчилигида улар томонидан қабул қилинадиган қонунларда акс эттириш.

Мухтасар айтганда, Саммит Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл-раҳбарлари, умуман олганда, аёл-парламентарийлар ўртасида рақамли технологиялар замонида ҳар бир жабҳада инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва гендер тенгликни таъминлаш борасида ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун ўзига хос платформа бўлди.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

ва парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер