Аёл — она, миллат тарбиячиси
Фото: Архив сурат
Улуғ аждодларимиз оиланинг тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлишида хотин-қизларнинг ўрни ҳамда таъсири беқиёс эканини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, Ризоуддин ибн Фахриддин «Оила» номли асарида аёллар ҳақида шундай ёзади: «Хотунлари тарбияли бўлган халқ — тарбияли, хотунлари тарбиясиз бўлган халқ — тарбиясиз, хотунлари тиришқоқ, тадбиркор, иродали бўлган халқ — бой, хотунлари ялқов ёки исрофгар халқ фақир бўлиши аниқдир». Бундай таърифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, хотин-қизлар масаласи жамият тараққиётида жуда катта ўрин эгаллайди.
Мустақиллик Ўзбекистон аёлларини жамиятнинг том маънодаги тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди. Шу туфайли улар давлат ва жамият бошқарувида бевосита ёки билвосита иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда янгиланаётган Конституциямизга хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқига тегишли муҳим қоида қўшилаётгани эътиборга моликдир. Дейлик, кўп вазиятда иш берувчилар туғиш ёшидаги аёлни ишга қабул қилгиси келмайди. Ёки ходим фарзанд кутаётган бўлса, уни ишдан бўшатиш ёки маошини пасайтириш ҳолатлари ҳам кузатилади. Конституция янги таҳрирининг 42-моддасига «Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади» деган қоида қўшилмоқда.
Меҳнат кодексида шунга яқин қоида бўлсада, улар кўпинча ишламаган. Чунки давлат томонидан аёлларни қўллаб-қувватлайдиган тизим бўлмаган. Масалан, хусусий иш берувчи аёл ходимга «декрет» тўловини беришни истамаган. Бугун давлат шу юкнинг бир қисмини ўз зиммасига оляпти. 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизими йўлга қўйилгани, бу мақсадлар учун ўтган йили бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши оналарнинг ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилади. Энди хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилади. Хуллас, уларнинг меҳнат ҳуқуқи тўлақонли таъминланиши учун асос бўладиган дастурлар тобора кўпаймоқда.
Гендер тенглик — адолат устуворлиги
ўтган давр мобайнида мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш соҳаларида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака, албатта, барқарор бўлади.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида туб бурилиш даври бошланганидан далолат беради.
Айни вақтда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларга яратиб берилаётган улкан имконият ва шароитлар туфайли аёлларимиз давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этяпти, уларнинг мавқейи тобора ортиб бормоқда. Юртимизда амалга оширилаётган давлат сиёсати хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши, ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланиши, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун кенг имкониятлар яратмоқда. Давлат ҳокимиятининг олий органларига, шунингдек, шаҳар, туман ҳокими, вазир, элчи каби масъулиятли лавозимларга хотин-қизларнинг тайинланаётгани ҳам уларга бўлган ишончнинг ортиб бораётганини кўрсатади.
Бугун мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортди. Ҳозирги кунда аёллар улуши тиббиётда — 77, таълим соҳасида — 74, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда, 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан 37 фоизга етди.
Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари йўлга қўйилиши ҳам мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёллар фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди.
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказиш йўлга қўйилди.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда ҳам кенгашиб иш кўриш тамойилига амал қилинмоқда. Гап шундаки, энди мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча меҳнат жамоаларида хотин-қизлар муаммоларига самарали ечим топиш учун аёллар кенгашлари тузиляпти. Бу тизим ҳам ҳаётий эҳтиёж туфайли ишлаб чиқилган. Боиси ҳар қандай меҳнат жамоасида турли кўринишдаги муаммолар учраши табиий. Айниқса, хотин-қизлар ўз муаммоларини очиқ айтишга истиҳола қилади. Аёллар кенгашлари ана шундай муаммоларни бартараф этиш, қисқача айтганда, аёлларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Оилада, жамиятда ўрни бор инсон бахтли
Ҳар бир аёл тинч-хотиржам оила бағрида бўлса, ўзини бахтли ҳис қилади. Яқинлари қўллаб-қувватлови билан жамиятда ўз йўлини, ўрнини топади. Юртимизда оила, хотин-қизлар ва кекса авлод вакиллари билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш айни шу жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу ҳужжат билан хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, жойларда эса ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.
Фармонда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, оила институтини мустаҳкамлаш ва аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Мамлакатимиз тарихида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Нозик хилқат вакилларининг жамиятда ўз ўрнини топиши ҳақида сўз кетар экан, уларнинг яхши таълим олиб, етук мутахассисга айланиши бу борада муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш жоиз. Зеро, етарли таълим олган, ўз касбининг устаси бўлган инсон ҳаётда қоқилмайди, орзу-мақсадлари рўёби сари илдам қадам ташлайди.
Зеро, ҳинд халқининг буюк давлат арбоби Индира Ганди «Бир қизни ўқитсангиз, бутун миллатни, бутун жамиятни, бутун оилани ўқитган бўлар эдингиз», деганида нақадар ҳақ эди. ўқимишли, зиёли, фаҳм-фаросатли, зукко хотин-қизлар ўз зурриётларини билимли, кенг дунёқарашга эга ва юксак салоҳиятли шахс қилиб вояга етказади.
Мазкур жиҳатлар ҳисобга олиниб, юртимизда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинди. Унга асосан, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг шартнома пулларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловлари Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилиши тартиби жорий этилди. Шунингдек, эндиликда хорижий олий таълим муассасаларига бакалавриат учун 50 нафар, магистратура учун 10 нафар хотин-қизга ҳар ўқув йилида «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилмоқда. Јолаверса, ҳар йили 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг шартнома тўловлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун 300 тадан мақсадли квота ажратилиши ҳам белгиланди. Очиғи, аёлларнинг илм олишини рағбатлантириш ва уларга кўмак бериш мақсадида жорий этилаётган бундай имтиёзлар шу пайтгача мамлакатимиз тарихида кузатилмаган.
Эҳтиёжманд аёлларнинг уй-жой шароитини яхшилаш масаласида кейинги йилларда мустаҳкам тизим яратилди. Оғир турмуш шароитига тушиб қолган аёлларга «ижтимоий уй-жойлар» ижара асосида ажратилиши яна бир муҳим янгилик бўлмоқда. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда ўтган йили 872 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган, 252 мингдан зиёди меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди. ўтган йили 14 мингга яқин аёлларнинг уй-жой шароити яхшиланди. «Аёллар дафтари» доирасида салкам 642 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилган.
Ўхшаши бўлмаган ноёб тизим
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллаларда аҳоли, жумладан, хотин-қизлар билан мулоқот олиб боришнинг мутлақо янгича тизими йўлга қўйилди. Шу асосда шаҳар ва қишлоқларда уйма-уй юриб, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, улардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш тажрибаси шаклланди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида жаҳон тажрибасида ўхшаши бўлмаган «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» билан ишлаш тизими жорий этилди.
Мазкур ноёб тизим туфайли минглаб оилаларнинг аҳволи ижобий томонга ўзгарди. Имтиёзли кредит ва субсидиялар орқали юртдошларимиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, иш билан бандлиги таъминланди. «Инсон қадри учун» тамойилининг ёрқин ифодаси сифатида 2020 йилдан бери «аёллар дафтари»даги 1,5 миллиондан зиёд хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди.
Президентимиз томонидан «аёллар дафтари» билан ишлаш тизимининг 4-босқичи доирасида манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиладиган эҳтиёжманд хотин-қизлар қамровини 1 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилган эди. Бу борада ҳар бир вилоят ва туман (шаҳар)да масъуллар бириктирилиб, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Уйма-уй юрилиб, юртимизнинг барча ҳудудидаги маҳаллаларда 7,7 миллиондан зиёд хотин-қизларнинг яшаш тарзи ўрганилди. ўтказилган мулоқотлар асосида ижтимоий, ҳуқуқий ёки руҳий ёрдамга, таълим олиш ва ишга жойлашишга муҳтож, 30 ёшдан юқори 1 миллион 680 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилди ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган «индивидуал дастурлар» ва «йўл хариталари» тасдиқланди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида хотин-қизлар сонини кўпайтиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Президентимизнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурини кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланиб, унинг молиявий манбаси ҳам аниқ кўрсатиб берилди. Жумладан, хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун биргина 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратилди. Мазкур дастур доирасида ажратилаётган маблағларнинг 4 триллион сўми эса тадбиркорлик ҳамда даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва ишини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларга йўналтирилди. Јолаверса, эндигина тадбиркорликка қўл ураётган хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилди.
Яна бир муҳим ислоҳот шуки, 2022 — 2024 йилларга мўлжалланган «Бизнес аёллар» дастури қабул қилиниб, унинг доирасидаги лойиҳалар учун 8 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. Бу дастур хотин-қизларни тадбиркорликка янада кенгроқ жалб қилиш, уларнинг бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун инвестициялар киритиш ва экспортни рағбатлантириш сингари мақсадларга хизмат қилади. Қишлоқ жойларда вақтинча ишсиз аёллар ва умумтаълим мактаблари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш учун онлайн «Бизнес клиника»лар фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жамиятда тадбиркор аёллар улушини 25 фоиздан 40 фоизга етказиш бўйича 2022 — 2024 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ишларнинг қамровини янада кенгайтириш мақсадида ҳар бир банкда раиснинг бир нафар аёл ўринбосари фаолият кўрсатиши, шунингдек, қатор банкларда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тузилмаларни ташкил этиш белгиланди.
Юртимизда «Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади» деган эзгу Қояни ҳаётимизнинг кундалик қоидасига айлантириш, опа-сингилларимиз, қизларимиз, мўътабар оналаримизга муносиб шароит яратиб бериш «Инсон қадри учун» тамойилининг амалдаги ифодаси ҳисобланади. Зеро, бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам, аввало, оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган аёлларга боғлиқдир.
Муҳаббат ҲАКИМОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг
Инновацион таълим кафедраси мудири,
педагогика фанлари доктори, профессор,
«Мўътабар аёл» кўкрак нишони соҳиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг