Автобуслар асосидаги мобил боғчалар янада кўпайди

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Куни кеча Президентимиз парламентга Мурожаатномасида боғча ёшидаги болаларнинг мактабгача таълимга қамровини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Мактабгача таълим вазирлиги томонидан чекка ҳудудларда мобил мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) фаолияти йўлга қўйилаётгани ана шу эзгу мақсад йўлида самарали лойиҳалардан бири бўлмоқда.
2019 йилнинг октябрь ойида ушбу лойиҳа асосида ташкил этилган “Aqlvoy” автобуслари вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларидаги 44 та маҳаллада болажонларга хизмат кўрсата бошлаган эди. Натижада деярли 2 минг ўғил-қиз мактабгача таълим билан қамраб олинганди.
Пилот босқичи муваффақиятли ўтгани сабаб лойиҳани давом эттириш ва кенгайтиришга қарор қилинди. Автобусларни жиҳозлаш ва ўйин майдончалари қуриш грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

— “Aqlvoy” автобуслари – чекка ҳудудларнинг болалари учун мактабгача таълимга қисқа муддатда киришиш имкониятидир, — дейди мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов. — Республика бўйлаб 3,5 мингдан ортиқ маҳаллаларда давлат МТТлари мавжуд эмас, демак, кичкинтойлар зарур билимсиз ва мактабгача тайёргарликсиз қолмоқда. Пилот босқичида мобил МТТларга талаб катта эканлиги аниқланди. Ота-оналар ўз фарзандларини шу каби гуруҳларга бажонидил ёздириб қўйишди, қўшни туманлар аҳолиси эса қачон улар ҳам “Aqlvoy” автобусларига эга бўлишларини сўрашди.

Айни пайтда 49 та янги автобусни лойиҳа талабларига мослаштириш ишлари якунланди. Олдинги кўринишларидаги каби улар қуёш батареялари, кондиционер, хожатхона, иссиқ ва совуқ сув, овқатни иситиш учун ошхона билан жиҳозланган. Ушбу автобуслар маҳаллалардаги махсус барпо қилинган майдончаларга ҳафтасига уч марта бориб, болалар учун машғулотлар ўтказади. Ўқув-тарбиявий жараён мажбурий овқатланишсиз, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан амалга оширилади.

— “Aqlvoy” автобуслари болаларни мактабгача таълимга қамраб олишга қаратилган ниҳоятда самарали инновацион лойиҳадир, — дейди БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Жумба. — Жараёнда кичкинтойларнинг таълим муассасасига эмас, барча қулайликларга эга автобус шаклидаги таълим маскани болажонлар олдига боради. Ўзбекистонда ўғил-қизлар таълим-тарбиясига қаратилган бундай инновацион ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани кўпчилик мамлакатлар учун ўрнакдир.

Лойиҳа доирасида республика бўйлаб маҳаллаларда 98 та ўйин майдончаси қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Улар ихчам ва кўркам, мустаҳкам, юқори чидамли материаллардан ишланган зарур жиҳозларга эга бўлади.

Тарбияланувчилар асосий вақтни (ёмон об-ҳаво бундан мустасно) тоза ҳавода ўтказганлиги сабабли, ўйин жиҳозларидан ташқари, машғулотлар учун шийпонлар ҳам ўрнатилган. Янги намунадаги биринчи майдонча Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қурилган.


Янги мобил боғчалар янги йилнинг январь ойида ўз ишини бошлайди, натижада яна 4,7 минг бола мактабгача таълим билан қамраб олинади. Лойиҳа 2021 йил баҳорида тўлиқ қувватда ишлай бошлайди.

“Aqlvoy” гуруҳлари мактабгача тарбия қамрови энг паст бўлган қишлоқ ҳудудларда очилмоқда. Мобил МТТлар тарбиячилари қўшимча таълимдан, жумладан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёргарликдан ўтади. Мобил гуруҳларга болажонлар бепул қабул қилинади.
Дилшод КАРИМОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг