Асилбек Худаяров: Дипломнинг ўзи етарли бўлмаяпти! Соғлиқни сақлаш вазири ва депутатлар ўртасида қонун лойиҳаси кескин муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларидан ташқари қўшимча хизматлар кўрсатиш ва тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларининг касбий масъулиятини кучайтиришга йўналтирилган.
Лойиҳада аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамдан ташқари хизматларни қонуний тарзда ташкил қилиш назарда тутилмоқда. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмасисиз, тўғридан-тўғри пуллик асосда тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти кўзда тутилган. Бу аҳолининг қўшимча тиббий хизматларга бўлган талабини қондиришни осонлаштиради.
Қонун лойиҳасига кўра, тиббий таълим муассасаларини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом касбий фаолиятга рухсат бериш учун етарли бўлмайди. Шахслар махсус аттестациядан ўтганидан сўнггина давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу талаб тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг билим ва кўникмаларини янада юқори даражага кўтаришга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров мутахассисларнинг билим даражасини ошириш зарурлигини қайд этиб, айниқса, хусусий таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларнинг билимлари кўпинча етарли эмаслигини таъкидлади. Ушбу ҳолат соҳада қўшимча тадбирларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади. Шунингдек, тиббий хизмат кўрсатишда масъулиятни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Масалан, 3-тоифали жарроҳ жарроҳлик операциясини амалга ошириши мумкин эмас. Бу ҳолатда фақатгина 2-тоифадан юқори шифокорлар ишлаши мумкин. Афсуски, айрим хусусий тиббиёт муассасаларида бизга (ССВга – таҳрир.) юқори тоифали шифокорни кўрсатиб, кейинчалик паст тоифали шифокорларни жалб қилишяпти. Бу эса ўз навбатида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири.
Муҳокама давомида депутатлар қонун лойиҳасидаги нормалар юзасидан қатор савол ва таклифлар билдирди. Жумладан, Зуҳриддин Мавлонов, Зафар Худойбердиев ва Ислом Абдуллаев каби депутатлар фаол иштирок этиб, ташаббуснинг аҳамиятини қайд этиш билан бир қаторда, ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Қонунчилик палатаси Спикери ҳам муҳокамада фаоллик кўрсатди ва жараённи мувофиқлаштириб борди.
Қизғин баҳслар ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди. Лойиҳанинг қабул қилиниши аҳолининг тиббий хизмат олиш ҳуқуқини кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг