«Арқадағ» протоколдан четга чиқиб, Шавкат Мирзиёевни шахсан кузатиб қўйди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 5 август куни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш учун Туркманистонга борди. Мазкур конференция доирасидаги тадбирлар якунлангач, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда шаклланган протокол тартиб-қоидаларидан четга чиқиб, Ўзбекистон Президентини аэропортда шахсан кузатиб қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг Каспий бўйидаги Авазага амалий ташрифи Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг ўзига хослигини яна бир бор тасдиқлади.
«2017 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифини Туркманистонга амалга оширгани бежиз эмас. Ўтган йиллар мобайнида давлатимиз раҳбари, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бутунлай янги даражага кўтарилди. Бугун Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёда чинакам яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир», деб ёзади Президент матбуот котиби.
Асадовнинг таъкидлашича, БМТ конференцияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирлангани ҳам икки давлат ўртасидаги ҳурматнинг юксак даражасини англатади.
«Дарвоқе, сўнгги йилларда Президентимиз қўшни ва дунёдаги етакчи давлатларнинг бир қатор нуфузли мукофотларига сазовор бўлди. Қозоғистоннинг «Олтин қиран» ва «Дўстлик», Қирғизистоннинг «Данакер», Тожикистоннинг «Зарринтож», Россиянинг Александр Невский, Франция Фахрий легиони, Туркиянинг «Республика» орденлари, Туркий дунёнинг олий ордени, МДҲ фахрий нишони, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони ва бошқалар шулар жумласидан.
Албатта, бу мукофотларнинг ҳар бири фақатгина Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятига берилган баҳо эмас. Уларнинг ортида давлатимиз раҳбарининг ҳамкасблари, ҳамкор мамлакатлар етакчилари билан биргаликдаги самарали меҳнати туради. Ана шундай ҳамжиҳатлик туфайли Марказий Осиё бугун рақобат эмас, балки ҳамкорлик маконига айланиб бораётганида уларнинг ҳам хизматлари беқиёс», дейди у.
Қўшимча қилинишича, бу мукофотлар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда ишончли, масъулиятли ва ташаббускор ҳамкор сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Айни пайтда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат стратегияси баландпарвоз баёнотларга эмас, балки аниқ амалий ҳаракатларга: ўзаро келишувлар, қўшма лойиҳалар, очиқ чегаралар, янги транспорт йўлаклари ва мулоқот майдонларига таянади.
«Буларнинг барчаси – халқимиз ҳаётини яхшилаш ва фаровонлигини юксалтириш учун», дейди Асадов.
Шу нуқтаи назардан, Туркманистон орденининг берилиши расмиятчилик эмас, балки Ўзбекистоннинг минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлашдаги фаол ва конструктив позициясининг эътирофидир. Бу шунчаки мукофот эмас, балки глобал беқарорлик, ишонч тақчиллиги ва хатарлар фонида Ўзбекистон ва унинг ҳамкорлари минтақада яратаётган барқарор муҳит катта қадриятга айланаётганига ишора.
«Ана шу барқарорликни ким таъминлаётган бўлса, унинг меҳнати муносиб эътирофга лойиқ», деб ёзади Ўзбекистон Президенти матбуот котиби.
Ташрифнинг яна бир таъсирли лаҳзаси «Арқадағ» Туркманистонда шаклланган протокол тартиб-қоидаларидан четга чиқиб, Президентимизни аэропортда шахсан кузатиб қўйгани бўлган. Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, бу ўзаро ҳурматга асосланган самимий ва дўстона муносабатларнинг, халқларимиз ўртасидаги чинакам қардошлик ришталарининг бебаҳо намунасидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг