АҚШдан депорт қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари учун махсус чартер рейс ташкил этилади

20:02 29 Апрель 2025 Жамият
228 0

Фото: ТИВ

Ўзбекистон миграция сиёсати ва фуқароларни репатриация қилиш соҳасида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни фаол равишда кучайтирмоқда, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.

Билдирилишича, эришилган икки томонлама келишувлар доирасида жорий йилнинг 30 апрель куни АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Нью-Йорк – Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси ташкил этилади.

Мазкур репатриация ташаббуси хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқаро меъёрлар, мажбуриятлар ва инсон ҳуқуқлари доирасида амалга оширилади.

«Гап виза талабларини бузган ёки АҚШда қонуний қолиш муддати тугаган фуқаролар ҳақида бормоқда. Репатриация жараёни инсонпарварлик ва ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этилиб, фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз қайтишини таъминлайди. Бу жараёнда хорижда бўлган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда», деб ёзади ТИВ матбуот котиби.

Унинг қўшимча қилинишича, чартер рейсни ташкил этиш икки давлатнинг консуллик ва миграция хизматлари билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Барча чоралар репатриация қилинаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини максимал даражада ҳурмат қилган ҳолда, Ўзбекистон ва АҚШнинг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда кўрилмоқда.

«Мазкур қадам Ўзбекистоннинг миграция оқимларини тартибга солиш, хориждаги фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини, ижтимоий ва ҳуқуқий мослашувини таъминлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва инсоний шароитларда ватанига қайтишини йўлга қўйишга қаратилган кенг қамровли сиёсатининг бир қисмидир», деб ёзади Бурҳонов.

ТИВ вакили шунингдек, Ўзбекистон ўз миграция сиёсатини ривожлантиришда давом этиши ва фуқароларини ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга интилишини алоҳида таъкидлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?