АҚШда Фаластинни қўллаб-қувватлаган талабалар визасидан айрилиши мумкин

13:52 28 Май 2025 Дунё
136 0

Дональд Трамп маъмурияти АҚШда ўқишни режалаштираётган хорижлик талабалар учун янги виза интервьюларини тайинлашни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда «Politico» нашри хабар қилди.

Унга кўра, Қўшма Штатларнинг барча элчихоналари ва консулликларига янги кўрсатмалар чиқмагунча Ф, М ва Ж турдаги визалар учун янги муддатларни белгиламаслик ҳақида кўрсатма берилган, аммо илгари режалаштирилганлари ўз вақтида ўтказилади.

Бу қарор талабалар ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги асосида янада чуқурроқ текширув жорий этилиши арафасида қабул қилинди. Ҳозирда Фаластинни қўллаб-қувватлаган талабаларни визасидан маҳрум этиш ва айрим университетларга босим ўтказиш ҳам кучайган. Ушбу ҳаракатлар жамоатчиликда сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ташаббус кузги қабулни хавф остига қўйиши мумкин. Шунингдек, айнан қайси постлар ёки ҳаракатлар рад этишга сабаб бўлиши ҳозирча номаълум.

«Консуллик ходимлари «Instagram», «Х», «TikTok» каби платформалардаги постлар, улашилган контент ва изоҳларни миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаши мумкин бўлган материаллар учун кўриб чиқади. Бу эса Трамп маъмуриятининг антисемитизмга қарши курашиш сиёсати билан ҳам боғланган», деб ёзади нашр.

Ҳолат виза аризаларини кўриб чиқиш муддатларини чўзиб юбориши ва университетлар фаолиятига ҳам молиявий жиҳатдан салбий таъсир қилади, чунки хорижий талабалар уларнинг даромадларининг сезиларли қисмини ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?