АҚШда бўлиб ўтаётган “International Folk Art Market” Халқаро халқ санъати ярмаркасида Бухоро вилояти делегацияси қатнашмоқда

12:56 12 Июль 2022 Жамият
834 0

Жорий йилнинг 6-10 июль кунлари АҚШнинг Ню Мехико штати Санта Фе шаҳрида бўлиб ўтаётган “International Folk Art Market” Халқаро халқ санъати ярмаркасида Бухоро вилояти делегацияси қатнашмоқда.

Бухоро делегациясини Санта Фе мери (ҳокими) Алан Вебер ва Ўзбекистоннинг Америкадаги фахрий консули Керол Робертсон Лопес кутиб олди.

Санта Фе ҳокими Алан Вебер томонидан АҚШдаги туризм соҳасида фаолият юритиб келаётган соҳа вакиллари; маданият,спорт, музейлар раҳбарлари ва меҳмонхона эгалари, иштирокида Бухоро ва Санта Фе ўртасидаги биродарлашув шарафига расмий, бизнес-зиёфат ташкил этилди.

Бухоро делегациясининг АҚШдаги ташрифи давомида, Санта Федаги Маданият ишлари департаменти билан ҳамкорликда музей ва галереялар билан яқиндан танишиш ва Бухорода Санта Фе тажрибасини жорий этиш имкониятларини ўрганиб чиқиш борасида ва Санта Фе туризм департаменти раҳбари Ренди Рендалл билан учрашувлар, Бухоро ва Санта Фе ўртасида туризм, маданият, ҳунармандчилик, музейлар ва спорт йўналишида меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

Бухоро ва Санта Фе шаҳарлари ўртасида биродарлашувга келишишнинг илк қадамлари ҳақида бу ишнинг бошида турган, Ўзбекистоннинг Америкадаги Фахрий Консули Керол Робертсон Лопесдан сўраганимизда, у қуйидагиларни айтди:

«Узоқ 80- йилларда, АҚШ ва СССР ўртасида совуқ уруш юмшаб, бу икки давлат алоқалари янги босқичга кўтарилганда, АҚШнинг OPEN WORLD жамияти томонидан Бухоро ва Санта Фе шаҳарларининг ўхшаш томонлари кўплиги ўрганиб чиқилиб, биродарлашув таклифи илгари сурилган.

Бу таклиф Совет ҳукумати томонидан қўллаб қувватланганича қолиб кетган.

Мустақиллигимиздан сўнг, Санта Фе томони расмий алоқаларни янги босқичга кўтариш учун бир неча маротаба ташриф буюрган. Аммо, Бухоро томонидан фақатгина ҳунарманд жамоалари Санта Фе шаҳрида ҳар йил ўтказиладиган “International Folk Art Market” фестивалига якка тартибда норасмий қатнашиб келган, холос.

Санта Фе томони Бухорога охирги 10 йил давомида деярли ҳар йил расмий ташриф уюштириб, ҳар сафар Бухоро шаҳар делегациясини Санта Фега таклиф қилиб келган.

Бундан мақсад, икки шаҳар биродарлашуви доирасида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг туристик имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, таълим йўналишлари ва ҳунармандлар ўртасида доимий тажриба алмашинувларни йўлга қўйиш, инвестицион лойиҳалар ва халқаро грантлар устида биргаликда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўлган.

Айни таклифларни яқиндан ўрганиш, икки шаҳар орасидаги алоқаларни жонлантириш ва келгусида кўзда тутилган ташрифларни тайёрлаш, Санта Фе шаҳрида ҳар йил ўтказиладиган “International Folk Art Market” фестивалида муносиб иштирок этиш мақсадида, Бухоро вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ходимлари ва таниқли ҳунармандлардан иборат гуруҳ АҚШнинг Санта Фе шаҳрида бўлиб туришибди».

Ташриф давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?