АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги тариф можароси 9,5 триллион АҚШ долларлик бизнесга таҳдид солмоқда

14:12 17 Март 2025 Иқтисодиёт
217 0

Америка Савдо палатаси (AmCham EU) АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги тарифлар бўйича юзага келган можаролар трансатлантик савдога жиддий хавф туғдираётганини маълум қилди. Ташкилотнинг йиллик «Transatlantic Economy» ҳисоботига кўра, икки томонлама бизнес ҳажми 9,5 триллион АҚШ долларни ташкил этиб, бу дунёдаги энг йирик савдо алоқаларидан бири ҳисобланади.

Маълумот учун айтиш керакки, трансатлантик савдо АҚШ ва Европа Иттифоқи (ЕИ) ўртасидаги товар ва хизматлар алмашинувидир. Бу дунёдаги энг йирик савдо ҳамкорликларидан бири бўлиб, ҳар йили триллионлаб долларлик иқтисодий операцияларни ўз ичига олади. Трансатлантик савдо нафақат маҳсулотлар экспорт-импорти, балки инвестициялар, технологиялар алмашинуви ва корпоратив ҳамкорликни ҳам қамраб олади.

2024 йилда АҚШ ва ЕИ ўртасидаги товар ва хизматлар айирбошлаш ҳажми рекорд даражага – 2 триллион долларга етган. 2025 йил эса бу ҳамкорлик учун умид ва хавф йили сифатида баҳоланмоқда.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ ҳукумати пўлат ва алюминийга нисбатан тарифлар жорий қилган бўлса, Европа Иттифоқи бунга жавобан жавоб чораларини ишлаб чиқади. Қайд этиш керакки, АҚШ президенти Доналд Трамп эса Европадан импорт қилинадиган шароб ва спиртли ичимликларга 200 фоизли бож белгилаш таҳдидини илгари сурганди.

«AmCham EU» вакиллари таъкидлашича, трансатлантик ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичи фақат савдо эмас, балки инвестициялардир. Ташкилот ҳисоботида келтирилишича, аксарият АҚШ ва Европа инвестициялари арзон ишчи кучига эга бўлган ривожланаётган бозорларга эмас, балки ўзаро оқиб келмоқда.

Жумладан, АҚШ компанияларининг Европадаги хорижий филиаллари орқали амалга ошириладиган савдо ҳажми АҚШдан ЕИга экспорт қилинадиган товарлардан тўрт баравар кўп. Худди шундай, Европа компанияларининг АҚШдаги савдо кўлами ҳам Европадан АҚШга тўғридан-тўғри экспорт ҳажмидан уч баравар юқори.

Тариф бўйича юзага келаётган можаро инвестициялар ва бизнес муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳисобот муаллифи Даниел Ҳамилтоннинг таъкидлашича, Ирландия экспортининг 90 фоизи ва Германия экспортининг 60 фоизи корхоналараро савдодан иборат бўлиб, тариф тўсиқлари уларнинг савдо занжирларига зарар етказиши эҳтимоли юқори.

Шунингдек, можаролар хизматлар бозори, маълумот алмашинуви ва энергия савдосига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳамилтон Европанинг АҚШдан суюлтирилган табиий газ (LNG) импортига қарамлигини қайд этиб, иқтисодий келишмовчиликлар ушбу соҳада ҳам акс этишини тахмин қиляпти.

«Савдо можаролари фақат савдо доирасида қолиб кетмайди. Улар бутун тизимга таъсир ўтказади ва бундай ўзаро боғлиқликлар жуда муҳим», – дейди Ҳамилтон. Унинг фикрича, АҚШ ва Европа компаниялари глобал рақобатда устун бўлиши учун мураккаб савдо занжирларини яратган. Масалан, АҚШдан экспорт қилинадиган БМВ автомобиллари кўплаб давлатлардаги ишлаб чиқарувчилар билан боғлиқ.

Экспертлар бу каби иқтисодий чораларнинг алоҳида инвестицияларни ҳимоя қилишдан кўра, бутун тизим самарадорлигига путур етказишини таъкидламоқда. «Агар томонлар ўзаро муросага келмаса, глобал иқтисодиётда ноқулайликлар пайдо бўлади», – дея қўшимча қилди Ҳамилтон.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер