АҚШ Украинани қийин аҳволга солиб қўядиган қарорни қабул қилди
АҚШ Украинага қаратилган бир қатор юқори аниқликдаги қурол-яроғлар етказиб беришни вақтинча тўхтатди. «Politico» нашри хабарига кўра, Пентагон «Patriot» ҳаво мудофаа тизими учун ракеталар, «Hellfire» ракеталари ва бошқа аниқ артиллерия снарядларини Киевга етказиб беришни музлатиб қўйган. Бу қарор АҚШда ушбу қуроллар захиралари жуда камайиб кетгани ҳақидаги хавотирлар фонида қабул қилинган.
Маълумотларга кўра, ушбу қарорни июнь ойи бошларида АҚШ мудофаа вазири ёрдамчисининг ўринбосари Элбридж Колби ташаббус сифатида илгари сурган. Бу қуроллар Украинага аввалги АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти томонидан келишилган режа асосида етказиб берилган эди.
Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келлининг таъкидлашича, етказиб беришни тўхтатиш «Америка манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида» қабул қилинган. Қарор мамлакат ички хавфсизлигини қайта кўриб чиқиш натижасида шаклланган.
Пентагоннинг ушбу қадами АҚШ Конгрессида жиддий ташвиш уйғотган. Огайо штати демократи Марси Каптурнинг айтишича, «Patriot» тизимлари Украина мудофаа салоҳиятининг асосий қисмини ташкил қилади. Унинг фикрича, ушбу тизимлар ҳар куни юзлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда. «Агар ушбу маълумотлар тасдиқланса, Элбридж Колбининг қарорлари украиналик ҳарбийлар ва тинч аҳоли орасида ҳалок бўлиш ҳолатлари кескин ошиб кетишига олиб келади», — деди Каптур.
Таъкидланишича, ушбу қуроллар икки асосий йўналиш орқали Украинага етказиб келинган: Пентагон захираларидан бевосита бериш ва Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш ташаббуси (USAI) доирасида америкалик мудофаа компанияларидан қурол харид қилиш. Байден президентлиги даврида USAI бўйича ажратилган барча маблағлар тақсимланиб бўлган, аммо қурол етказиб бериш тайёр бўлгани сари давом эттирилган.
Ҳозирча АҚШ расмийлари ушбу қарор қанча вақт амал қилишини аниқ баён этмаган. Шу билан бирга, Украина учун муҳим бўлган ҳимоя қуролларининг кечикиши фронтдаги вазиятга қандай таъсир қилиши борасида таҳлилчилар турлича фикр билдирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг