АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди

17:04 19 Июнь 2022 Сиёсат
493 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева АҚШ савдо вакили ўринбосари (USTR) Кристофер Уилсон билан учрашув ўтказди.

Суҳбат бошида АҚШ томонига мажбурий меҳнатга қарши курашиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ҳақида батафсил ахборот берилди.

Ўз навбатида, USTR вакили Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги муҳим ютуқларини олқишлар экан, “Cotton Campaign” коалициясининг пахта бойкоти бекор қилиниши мажбурий меҳнатни бартараф этишда эришилган муваффақиятнинг яққол эътирофи эканини таъкидлади.

K. Уилсоннинг сўзларига кўра Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқ. Шу муносабат билан у Америка томони Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-мажлисида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Ушбу жараённинг мураккаблигини тан олган ҳолда К.Уилсон бу масалада Америка томони доимий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Бундан ташқари, савдо вакили ўринбосари USTR Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича Доиравий битим (TIFA) доирасида умумий устувор йўналишларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, USTR вакили электрон савдони ривожлантириш масаласида Ўзбекистон томони билан мувофиқлаштириш соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга умид билдирди, бу минтақа мамлакатларининг глобал етказиб бериш занжирига интеграциясини чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратади.

К.Уилсон, шунингдек, фаолият хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича бошқа TIFA ишчи гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланишига умид қилаётганини таъкидлади.

Музокаралар якунида томонлар кўп қиррали савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?