АҚШ дипкорпуси вакиллари Учқудуқда бўлишди

16:27 17 Апрель 2024 Жамият
169 0

Фото: "Халқ сўзи"

Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси биринчи котиби Эндрю Шейнсон ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Сара Талалай Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида бўлишди.

Меҳмонлар дастлаб ҳудуд тарихидан сўзловчи ўлкашунослик музейига ташриф буюришди. Бу ерда туман ҳокими Соли Ҳамроев уларни ҳудуднинг тарихи, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар кўлами, йирик саноат корхоналари, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар, хусусан, 100 минг китоб фондига эга тумандаги икки кутубхона ҳамда умумтаълим мактаблари қошидаги кутубхоналар фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан таништирди.

Шунингдек, туман ҳокими мамлакатимизда хорижий тилларни ўрганишга катта эътибор қаратилиши самараси ўлароқ ҳудуд ёшларининг инглиз тилини ўрганишга қизиқишлари тобора ортиб бораётганлигини таъкидлади.

Шу жиҳатдан тумандаги 20-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашув меҳмонларда илиқ таассурот уйғотди. Эндрю Шейнсон ва Сара Талалай мактаб жамоасининг ютуқлари, айниқса ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларининг инглиз тилини билиш даражасидан қониқиш ҳосил қилдилар. Ўқувчилар томонидан тайёрланган халқ амалий санъати намуналари ва ижодий чиқишлар меҳмонлар томонидан олқишланди.

Сафар дастури доирасида меҳмонлар маҳаллий қандолатчилик цехида ҳам бўлишиб, Шарқ қандолатчилик маҳсулотлари намуналаридан татиб кўришди.

Ташриф якунида меҳмонларга “Учқудуқ: кеча ва бугун” китоб альбоми туҳфа этилиб, улар ўз навбатида Америка Қўшма Штатларининг машҳур ҳудудлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ва сувенирлар совға қилишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер