АҚШ Давлат котиби Наврўз байрамига бағишланган онлайн-тадбирда иштирок этади

18:49 17 Март 2021 Маданият
1011 0

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон ва Озарбайжон дипломатик ваколатхоналари «Оксус жамияти» таҳлилий маркази ва «Меридиан» халқаро маркази кўмагида 19 март куни Наврўз байрамига бағишланган онлайн-тадбир ўтказади.

Тадбирда АҚШнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, илмий доиралари, хорижий дипломатик корпус ва медиа-жамоатчилик вакиллари қатнашади.

Байрамнинг асосий меҳмони — АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бўлиши кутилмоқда. Ташкилотчиларга кўра, у табрик нутқи билан иштирок этади.

Бундан ташқари, анжуманда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Грегори Микс, Миллий гвардия бюроси раҳбарининг ўринбосари генерал-лейтенант Марк Сассвилл, савдо-саноат палаталари раҳбарлари Марказий Осиё, Афғонистон ва Озарбайжон халқларини байрам муносабати билан қутлайди. Тадбирда ушбу мамлакатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам сўзга чиқади.

Онлайн-тантана доирасида Наврўз тарихи, уни Марказий Осиё ва Кавказда нишонлашнинг ўзига хос хусусиятларини очиб берувчи видеороликлар намойиши ташкил этилади.

Видеоконференция якунида Наврўз байрами муносабати билан элчихоналар томонидан тайёрланадиган миллий таомлар, ширинликлар, шу жумладан, ўзбек палови ва сумалак анжуман меҳмонлари ва иштирокчиларига тарқатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер