Андижоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Бугунги кунда Андижон вилояти иқтисоди юксалиб бораётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун хорижий ҳамкорлар ташрифи кун сайин ортиб бормоқда. Бироқ, вилоятда чет эллик замондошларимизнинг эътиборини жалб қилса арзигулик бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас. Масалан, сайёҳлик салоҳиятини олайлик.
Айни пайтда Андижонда салкам 400 та зиёрат масканлари мавжуд. ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатидан жой олган Темирчилар растасию, ўз даврининг пойтахти бўлган Мингтепа қолдиқлари, замонавий сайёҳлик марказига айланган Боғи Бобурдан тортиб миллий ва замонавийликни ўзида мужассам этган Регистон майдонлари ҳар қандай меҳмонда катта таассурот қолдиради. Имконият бор, бироқ ундан фойдаланиш, уни тақдим эта олиш талаб даражасида эмас. Галдаги вазифалар ана шу борада олиб борилиши керак бўлган муҳим масалаларга йўналтирилган.

Республикамизда фаолият олиб борувчи сайёҳлик марказлари вакилларининг Андижон вилоятига уюштирган икки кунлик ташрифи ҳудуднинг ички туризмини ривожлантириш, хорижий сайёҳлар эътиборини жалб этиш мавзусига қаратилди.
— Андижон вилояти Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби бой тарихга эга, — дейди тадбир иштирокчиси Санобар Ҳамроқулова. –Қолаверса, унинг табиати бетакрор. Бу ерда ички сайёҳлик салоҳиятини шакллантириш учун барча шароитлар мавжуд. Ҳар бир зиёратгоҳнинг ўзи битта китобга мавзу бўлса арзийдиган жиҳатларга эга. Шунинг учун мен, энг аввало, вилоятда ички туризмни ривожлантиришни маслаҳат берган бўлардим.

Инфо-тур иштирокчилари вилоятда жойлашган муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар билан яқиндан танишдилар. Айниқса, Андижон шаҳри ва Пахтаобод туманларида жойлашган тарихий ва муқаддас қадамжолар, йирик саноат корхоналари катта таассурот қолдирди. Хонобод шаҳри ҳамда Хўжаобод туманида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ўз маслаҳатларини бердилар.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг