Андижонда «Ташаббусли бюджет»нинг овоз бериш босқичидан четлатилган туманлардан бири ушбу босқичга қайтарилди

13:00 29 Август 2025 Жамият
88 0

Иллюстратив фото

Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани «Ташаббусли бюджет»да овоз бериш босқичига қайта тикланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.

Аввалроқ лойиҳанинг 2-мавсумида Андижоннинг икки тумани ишчи комиссияси томонидан лойиҳалар асоссиз рад этилгани сабабли Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Олтинкўл ҳамда Улуғнор туманлари ҳокимликларига лойиҳаларни белгиланган мезонлар асосида қайта кўриб чиқиш юзасидан сўров юборилган ҳамда ушбу туманларда овоз бериш босқичи ўтказилмаётган эди.

Вазирлик сўровига жавобан, Олтинкўл тумани ишчи комиссияси томонидан лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши натижасида лойиҳалардан 93 таси овоз бериш босқичига ўтказилиб, 23 та лойиҳа амалдаги мезонларга зид бўлгани сабабли (сабаби асослантирилган ҳолда) рад этилди.

Бунда туман фуқароларидан жами 116 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, шундан 22 таси овоз беришга ўтказилган, 94 та лойиҳа асослантирилмаган ҳолда рад этилган эди.

«Шу муносабат билан, «Очиқ бюджет» порталида Олтинкўл тумани бўйича саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи 29 августдан бошлаб ўтказилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Олтинкўл тумани бўйича лойиҳаларга овоз бериш анъанавий овоз бериш босқичи билан бир вақтгача, яъни 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?