Андижонда ер майдонларини ноқонуний ўзлаштирган шахсларга нисбатан 84 та жиноят иши қўзғатилди

13:36 23 Декабрь 2022 Жамият
488 0

Фото: Халқ сўзи

Умуммиллий бойлигимиз – ер ресурсларидан самарали фойдаланишнинг қонун билан тартибга солиниши пировардида уни асраб-авайлашга, ҳеч бир қаричи завол бўлмаслигини таъминлашга хизмат қилади. Гарчи бу борадаги тушунтириш ва тарғибот ишлари кўлами тобора кенгайиб бораётган бўлсада, ердан фойдаланишда айрим ноқонуний хатти-ҳаракатлар, ўзбошимчалик кайфияти ҳамон кузатилаётгани эса сир эмас.

Андижон туманидаги «Ёрбоши» МФЙда истиқомат қилувчи Алижон Ҳошимов (исм-шарифи ўзгартирилди) маҳаллага қарашли 0,25 гектар ер майдонини ўзлаштириб, амалдаги тартибларга зид хатти-ҳаракатни содир этгани аниқланди. Ўзига хон, кўланкаси майдон бу шоввоз шу билан кифояланиб қолмай, Асака тумани Ёқубов номидаги массивда ҳам 0,06 гектар ер майдонидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келган.

— Афсуски, жорий йилнинг шу даврига қадар Андижон вилоятининг ўзида 936 та шу каби ҳолат қайд этилди, — дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. — Натижада 145,4 гектар ер майдонига нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари юзага келган. Ушбу ҳолатларни ихтиёрий равишда бартараф этиш юзасидан огоҳлантиришларга қарамай, 308 та ҳолатда ноқонуний қурилмаларни мажбурий тарзда бузиш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризасини киритишга тўғри келди. Ачинарлиси шундаки, 173 та ҳолатда ер билан боғлиқ жиноятлар содир этилгани аниқланди. Уларнинг 84 тасига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, ер билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг салбий оқибатлари туфайли 4 минг 148 нафар юридик ва жисмоний шахсларга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 8 млрд. 946 млн. 180 минг сўм миқдоридаги жарима чоралари қўлланилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?