Андижонда 60 мингга яқин объект хатловдан ўтказилди

12:07 29 Сентябр 2025 Жамият
222 0

Мамлакатимизда ердан унумли фойдаланиш, хусусий мулкни ҳимоя қилишни таъминлаш ва уй-жойларни расмийлаштиришга оид тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида бу борадаги жараёнга гувоҳ бўлдик.

Тадбирда қайд этилишича, шу йилнинг ўтган даври мобайнида Андижон вилоятидаги 292 та маҳаллада хонадонларни хатловдан ўтказиш ва ҳуқуқий ҳужжатлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар 59 минг 768 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилган.

— Бу жараён фуқароларнинг мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини яхшилаш ҳамда ҳуқуқий муаммоларини бартараф этишга қаратилган, — дейди Кадастр агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Отамуродов. — Шу боис аҳоли ҳам хатлов ишларига шароит яратиб бериши зарур. Аксарият ҳолларда уй эгаларининг йўқлиги туфайли бу жараён ортга сурилмоқда. Ваҳоланки, фуқаронинг уйда бўлмаслиги икки ён қўшнисини хатловдан ўтказиш амалиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Пресс-тур давомида Асака ҳамда Шаҳрихон туманларида олиб борилаётган ишлар намойиш этилди.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?