«Андижон» клуби Туркманистон чемпиони билан дуранг ўйнади

12:10 18 Сентябр 2025 Спорт
16 0

Кеча, 17 сентябрь куни Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказиладиган клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақалардан бири — Осиё чемпионлар лигаси II турнирида 1-тур ўйинлари давом эттирилди. Кун доирасидан ўрин олган баҳсда Ўзбекистон кубоги соҳиби «Андижон» клуби Туркманистон чемпиони, қолаверса, ўтган йили бўлиб ўтган ОФК Чақирув Лигаси мусобақаси ғолиби «Аркадаг» жамоаси билан куч синашди.

Таъкидлаш керакки, бу «Андижон» клубининг халқаро майдондаги дастлабки расмий ўйини эди. Шу вақтга қадар «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф», «Локомотив», ОКМК, «Навбаҳор», «Нефтчи», «Машъал», «Шўртан», «Динамо», «Дўстлик» каби 11 та жамоа халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган. Кеча «Андижон» клуби улар қаторига ўн иккинчи клуб сифатида қўшилди.

Жамоа мусобақадаги биринчи ўйинини Туркманистонда «Аркадаг» жамоасига қарши ўтказди. Лекин ушбу баҳсда нурсиз дуранг натижа қайд этилди.

Энг ёмони, «бургутлар» бутун ўйин давомида рақиб дарвозасига бирорта аниқ зарба йўллай олишмади. Хўш, бунга нималар сабаб бўлди? Бугун ушбу мавзуни кўриб чиқамиз.

Селекция

«Андижон» жамоаси ёзги трансферлар ойнасида етарли даражада таркибни кучайтира оладиган футболчилар билан шартнома имзолай олмади.

Фақатгина дарвозабон масаласида бундай дея олмаймиз. Биринчи даврада ишончни оқлай олмаган Валижон Раҳимов жамоадан кетди. Унинг ўрни эса Қирғиз Республикаси терма жамоаси посбони Эржон Токотаев билан тўлдирилди. Албатта, ушбу трансферни ОЧЛ даражасида деб баҳолаш мумкин.

Лекин жамоага «Пахтакор»нинг захира футболчилари Шаҳзод Азмиддинов, Саидумархон Саиднураллаев, Муҳаммадали Усмонов ва Отабек Жўрақўзиев каби футболчилар олинди. Тўғри, бу футболчилар «Андижон» жамоаси савиясига тўғри келади, аммо ОЧЛ савиясига эмас.

Ўз навбатида клуб раҳбарияти ҳам ушбу таркиб билан Осиё чемпионлар лигасида муносиб қатнашиш қийин эканини тушуниб етган. Ҳозирда «Андижон» жамоаси вакиллари вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан жамоага халқаро майдон учун 2 нафар легионер футболчи олиш юзасидан ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Бу ҳақда жамоанинг расмий фан-клуби бўлмиш «Ultras Burgut» етакчиси Нодир Тўйчиев қуйидаги гапларни айтиб ўтди:

«Клубимиз вакиллари вилоят ҳокими билан гаплашди. Музокаралар ижобий якунланган. «Андижон» клубига яқин кунларда Осиё чемпионлар лигаси II турнирида иштирок этиш учун 2 нафар футболчи келиб қўшилади.

Битта ҳимоячи билан келишувга эришилди. Бўйдоқ клуб услубига мос келадиган футболчи. Уни трансфери яқин кунларда эълон қилинади. У фаолияти давомида Германиянинг «Хоффенхайм», Испаниянинг «Мальорка», Швейцариянинг «Серветт» каби жамоаларида ўйнаган.

Ундан ташқари яна бир футболчи олинади. У ярим ҳимоячи бўлиши айтиляпти. Бу масалада селекция ишлари давом эттириляпти».

Халқаро майдондаги тажриба

«Андижон» клуби кечаги ўйинни қуйидаги таркиб билан бошлади:

Эржан Токотаев, Суннатилло Ҳамиджонов, Кристиан Новак, Шаҳзод Азмиддинов, Сардор Азимов, Бектемир Абдуманнонов, Муҳаммадкарим Тоиров, Дамир Темиров, Дониёр Абдуманнопов, Саидумархон Саиднураллаев, Исмоил Акинадe.

Ушбу футболчилардан Шаҳзод Азмиддинов, Сардор Азимов ва Дониёр Абдуманноповлар клублар миқёсида ўтган ОФК мусобақаларида иштирок этган. Қолган футболчилар эса турнирда дебют қилди.

Солиштириш учун, кеча Туркманистоннинг «Аркадаг» клуби таркибида майдонга тушган футболчиларнинг ҳаммаси ОФКнинг клублар миқёсидаги мусобақаларида катта тажрибага эга футболчилар ҳисобланади. Уларнинг 16 нафари Туркманистон миллий терма жамоаси аъзолари экани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

«Андижон» жамоасида эса Ўзбекистон миллий терма жамоасидан мунтазам чақирув оладиган ҳам, якунланаётган йил ичида 1 марта бўлса ҳам миллий жамоага жалб этилган футболчи ҳам йўқ. Фақатгина бу борада Қирғиз Республикаси миллий жамоасида мунтазам ўйнаб келаётган Эржан Токотаевни алоҳида ажратиб кўрсатиб ўш мумкин. Хуллас, халқаро тажриба бўйича рақиб яхшигина устунлик қилди.

Ўйин ўтган майдон

Ўзбекистонда сўнгги йилларда клубларнинг майдонлари ОФК талаби даражасига келди. Футболчилар ҳам бунга ўрганди. Аммо кеча ўйин бўлиб ўтган майдон Ўзбекистон Биринчи лигаси мусобақаси ўтаётган майдонлар билан бир хил ҳолатда эди.

Йил бошида Осиё Футбол Конфедерацияси ОЧЛ мусобақаларини сунъий қопламали майдонларда ўтказмаслик бўйича қарор қабул қилди. Шу сабаб «Аркадаг» клуби ўйинни сунъий қопламали майдонлардан-да сифати ёмонроқ бўлган табиий чимли майдонда ўтказди.

Албатта, бу ҳолат ҳам ўйин натижасига таъсир ўтказмай қўймади. Бу ҳақида учрашувдан сўнг «Андижон» клуби футболчилари ҳам айтиб ўтишди.

Хулоса

«Андижон» клуби кеча халқаро майдонда дастлабки ўйинини ўтказгани, футболчиларининг халқаро тажрибаси юқори эмаслиги, шунингдек, стадион ҳолати анча ёмон бўлгани каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда, ўйин натижасини ижобий деб баҳолаш мумкин. Аммо бундай ўйин билан кейинги босқичга чиқиб бўлмайди.

Маълумот учун, жамоа Осиё чемпионлар лигаси II даги кейинги ўйинини 1 октябрь куни Қатарнинг «Ал-Аҳли» клубига қарши ўтказади. Ўйин клубнинг жонажон стадиони «Бобур арена»да бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?