Амир Темур аскарлари қанча маош олган?

13:55 30 Июнь 2024 Маданият
401 0

Амир Темур аскарларининг моддий жиҳатдан тўла таъминлангани унинг ёрқин ғалабаларида ҳал қилувчи ўрин тутган. Ҳар бир ҳарбийга ўз даражаси ва хизматидан келиб чиққан ҳолда муайян маошлар тайин қилинган…

Амир Темур аскарлари қанча маош олган?

Аксарият жадид боболаримиз Амир Темур ва унинг даврини аллақандай ўзгача соғинч билан ёдга оладилар. Бу бежиз эмас. Негаки, соҳибқирон даврида Туркистон илм-фанда ҳам, санъатда ҳам, иқтисодий салоҳиятда ҳам ва ниҳоят, аскарий тартибда ҳам дунёнинг энг қудратли салтанати сифатида ўзини тўла намоён этиб улгурган эди. Ҳақиқий салтанат эди у…

Хўш, ана шу улкан салтанат таянчи бўлган лашкарлар қанча маош олган экана?

Бу ҳақда чоризмнинг Марказий Осиёга юришларида бевосита иштирок этган ҳарбий тарихчи Никита Иванин «Икки буюк саркарда: Чингизхон ва Амир Темур ҳарбий санъати, стратегия ва тактикаси» асарида қизиқарли маълумотларни келтиради. Шу ўринда айтиш керакки, у мазкур асарни китоб қилиш мақсадида эмас, балки императорга ҳисобот тарзида ёзганлиги боис ундан ишончсиз ва шубҳали маълумотлар ўрин олмаган. Зеро, тарихчи императорга ёлғон маълумотларни тавсия эта олмасди ҳам.

Амир Темур жаҳон ҳарбий санъатида илк бор қўшинни жанггоҳда етти қўлга ажратиб сафга тортиш тартибини ишлаб чиқди. Шунингдек, Амир Темур қўшини отлиқ ва жангчилардан иборат бўлган. Бунда отлиқ жангчилар енгил ва оғир қуролланган сипоҳий қўшинга ажратилган ва у лашкарнинг зарбдор қисми ҳисобланган.

Александ Якубовский, рус тарихчиси.

Никита Иванин сал илгарироқ номи келтириб ўтилган асарида шундай ёзади: «Амир Темур жангчи маошини шу жангчига тегишли от нархига тенг қилиб белгилаган. Аъло жангчилар маоши 2 тадан 4 тагача от нархига тенг келса, ўнбошилар 10 та жангчи оладиган маошни, юзбошилар 2 та ўнбоши оладиган маошни, мингбошилар 3 та юзбошининг маошига тўғри келадиган маош олар эди. Жиноят қилган ёки уруш пайтида хатоликка йўл қўйган ҳар бир жангчи ўз маошининг ўндан бир қисмидан маҳрум этилган».

Бу ҳали ҳаммасимас. Ҳарбийлар лавозими юқорилаб боргани сайин улар маошлари ҳам кўтарилаверган. Масалан, амирлар моши уларнинг даражасига қараб минг ва 10 минггача от нархи, Амир Темур авлодлариники эса 12 минг от нархи билан белгиланиб, уларга вилоят ҳам ҳадя этиларди. Амир Темур фарзанд ва набиралари таъминоти уларнинг қариндошлик даражаси ва ёшига қараб ҳам кўтарилиб борган.

«Темур тузуклари»да келтирилишича, пиёда аскарлар ва хизматчилар, яъни қуролбардорлар, хос хизматчилар ва чодирчилар эса 100 тангадан минг тангагача маош олган.

Қўшимча сифатида айтмоқчимизки, қўшинлар маоши махсус бошлиқлар томонидан бошқариладиган, ҳарбий вилоятларга бўлинган ерлар ҳамда баъзи шаҳар ва вилоятлар даромадлари ҳисобидан берилган.

Темур лашкари орасида аёллар ҳам бўлиб, улар душман билан бўлган тўқнашувларда матонат кўрсатарди. Найза санчиш, қилич ўйнатиш, камондан мўлжалга олишда моҳир эркаклардан кўра ҳам ортиқроқ иш қилардилар. Агар улардан бири ҳомиладор бўлиб йўлда дард тутса, дарров четга чиқарди. У тезда йиғиштириниб олгач, тағин уловига миниб жангга кирарди.

Ибн Арабшоҳнинг «Темур тарихида тақдир ажойиботлари» асаридан.

Кўриниб турибдики, Амир Темурнинг лашкаридаги ҳарбий хизматчилар катта маош олган. Агар ушбу маошлар қаторига жанговар хизмат кўрсатган жангчилар алоҳида мукофотлангани, ғалабаларда қўлга киритилган ўлжадан ҳар бир аскар тегишича улуш олганини қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, улар ниҳоятда катта даромадга эга бўлганлигини тасаввур этиш қийин эмас.

Табиийки, моддий жиҳатдан юз фоиз таъминланган аскарлар ҳар қандай вазиятда фақат олдинга интилади, ўтиб бўлмасдек кўринган чўллар, тоғлар ва дарёлардан матонат билан кечиб ўтади. Улар қаршисида баланд қўрғон ва қалъалар ҳам тўсиқ бўлолмас.

Абдурауф Фитрат «Темур сағанаси» асарида бежиз Соҳибқирон Амир Темурга хаёл мурожаат қилиб, ёзғирмайди. Унинг ёзғиришларида жон бор. Ахир, бутун оламга султон бўлган миллат охирги бир неча асрлар мобайнида барча соҳада тубан кетгани, шунинг оқибатида истиқлолни қўлдан бой бериб қўйгани кимни ҳасратларга буркамайди, дейсиз.

Тарихнинг аччиқ ҳақиқати барчамизга сабоқ бўлмоғи даркор!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?