Алишер Қодиров букмекерликка қонуний рухсат беришга оид қонун лойиҳасини ёқлашига изоҳ берди

10:52 15 Январь 2025 Сиёсат
151 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва букмекерлик фаолиятини ҳуқуқий асосда ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Қонун лойиҳасини қабул қилишни қўллаб-қувватлаган «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров бунга нима сабаб бўлганига изоҳ берди.

Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган Қодировнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус виртуал ўйинлардан келиб чиқадиган салбий таъсирларни чеклашга қаратилган. Унга кўра, илгари ҳуқуқий асос йўқлиги туфайли, бундай ўйинларда алданганлар ҳимоясиз қолган. Энди эса янги тартиб-интизом орқали аҳолининг манфаатлари ҳимоя қилинади.

Партия раҳбари таваккалчиликка асосланган ўйинлар лицензия асосида амалга оширилишига рухсат бериш орқали ўйин иштирокчиларини рўйхатга олиш, вояга етмаганлар учун иштирокига тақиқ қўйиш, ўйинлардаги маблағ миқдорини чеклаш, шунингдек, ота-оналарга фарзандлари учун тақиқ қўйиш ҳуқуқини бериш каби нормалар сабабли ёқлаб овоз берган. Бунинг натижасида расмий иштирокчилар учун масъулият оширилиши ва сохта ўйинларни ташкил этувчилар учун шарт-шароит қийинлашиши кутилмоқда.

«Чироқни ўчириб курашишдан кўра, уни ёқиб, муаммони очиқ қилиш самаралидир,» — деди «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари. Қодировнинг фикрича, бундай иллатларни қоралаш ёки тақиқлаш билан чеклаш мумкин эмас. Унга кўра, қонун орқали шаффофликни таъминлаш ва соҳага аниқ меъёрларни жорий қилиш орқали жамиятдаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.

«Даромадни ҳар қандай шаклини тўғри деб биладиганлар тарбияда бой берилган инсонлар экани, уларни тақиқ тўхтатмаслиги, улар учун қадр ёки қадрият бўлмаслигини яна бир бор тушундик. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради», — деб таъкидлади Қодиров.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер