«Ал-Аҳли»га Ўзбекистон чемпиони муносиб рақибми?

18:46 15 Сентябр 2025 Спорт
125 0

Бугун, 15 сентябрь куни «Насаф» клуби ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақасидаги юришини бошлайди. Қаршиликлар дастлабки турни Жидда шаҳрида, мусобақанинг амалдаги чемпиони «Ал-Аҳли» клубига қарши ўтказади.

Бугун ушбу жамоа ҳақида маълумот берамиз.

Жамоа тарихи

«Ал-Аҳли» клуби 88 йиллик тарихга эга жамоа ҳисобланади. Клуб 1937 йилда 4 инсон томонидан ташкил этилган. Ушбу ғоя эгалари Жидда шаҳридаги шаҳзода Муҳаммад ибн Абдулазиз кўчасида жойлашган «Ал-Фалах» мактаби ўқувчилари экани айтилади. Клубни пайтида Саудия Арабистони шаҳзодаси Холид бин Абдуллоҳ бин Абдулазиз бошқарган.

1987 йил жаҳон футбол юлдузи Диэго Марадона Жидда шаҳрида ташкил этилган байрам доирасида ўтган футбол учрашувида айнан «Ал-Аҳли» жамоаси сафида ўйнаган.

Жамоага мухлислар томонидан «Ал-Малаки» (яъни, қироллар) ва «Нади Ал-Умам» (яъни, халқ жамоаси) каби номлар берилган.

Стадиони

«Ал-Аҳли» уй учрашувларини Жидда шаҳрида жойлашган «Қирол Абдуллоҳ» стадионида ўтказади. Ушбу майдон ўз бағрига 62 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.

Мазкур стадион 2012 йил қуриб битказилган. 2014 йил майдоннинг очилиш маросими бўлиб ўтган. Стадион қурилганидан 1 йил ўтиб вафот этган Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ номи берилган.

Араб нашрлари берган маълумотларга кўра, ушбу майдонни қурилиши учун 533 миллион доллар сарфланган.

«Қирол Абдуллоҳ» стадиони яқин тарихда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Осиё Элит чемпионлар лигаси каби нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилди. Ушбу стадион келажакда 2027 йилги Осиё кубоги ва 2034 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши кўзда тутилган.

Жамоа эришган ютуқлари

Жамоа Саудия Арабистони Профессионал лигасининг 9 карра чемпиони, 8 карра Қирол кубоги соҳиби ва яна 2 карра Саудия Арабистони Суперкубоги ғолиби ҳисобланади.

Шунингдек, клуб Араб чемпионлар лигаси, «Gulf Cup» чемпионлар лигаси, Африка-Осиё клублар чемпионати ва ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақаларининг ғолибидир.

Жамоа шу вақтга қадар Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказиладиган расмий мусобақаларда 120 та ўйин ўтказган. 61 та ўйинда ғалаба қозонган, 30 та ўйин жиддаликларнинг мағлубияти билан якунланган. Яна 28 та баҳсда дуранг натижа қайд этилган.

«Ал-Аҳли» ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақасининг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Жамоа ўтган йилги финалда Япониянинг «Кавасаки Фронтале» клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган ҳолда, ўз тарихида биринчи маротаба мазкур мусобақа чемпионлигига эришди.

Мураббийи

Жамоани айни пайтда германийалик 37 ёшли мутахассис Маттиас Яйсле бошқармоқда. Маттиас 1988 йилнинг 5 апрель санасида Нуртинген шаҳрида туғилган.

Футболчилик фаолияти давомида «Ҳоффенҳайм», «Штутгард» каби жамоаларда тўп сурган. 2021 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган.

Австриянинг «Залсбург» клубидаги фаолияти билан кўпчиликка таниш бўлган ушбу мураббий 2023 йилнинг 28 июль санасидан бери «Ал-Аҳли» клубига устозлик қилмоқда. Унинг бошқарувида «Ал-Аҳли» клуби 90 та ўйин ўтказди ва улардан 56 тасида ғалаба қозонди.

Жамоа таркиби

«Ал-Аҳли» жамоаси таркибида айни вақтда «Челси» собиқ посбони Эдуард Менди, «Рома» клуби собиқ ҳимоячиси Рожер Ибаньес, «Барселона» жамоаси собиқ аъзоси Франк Кессие, «Брентфорд» клуби собиқ ҳужумчиси Иван Тони ва пайтида Англия Премьер-лигасида йил футболчиси деб топилган Риёд Марез каби футболчилар фаолият олиб бормоқда.

Жамоа аъзоларининг «Transfermarkt» сайтидаги умумий қиймати 173,65 миллион еврони ташкил этмоқда. Бу мусобақада қатнашаётган жамоалар орасида «Ал-Ҳилол» клубидан кейинги энг яхши натижа ҳисобланади.

Жамоанинг энг қиммат футболчиси Энзо Миллот ҳисобланади. «Transfermarkt» портали уни 35 миллион еврога баҳолаган.

Ўзаро ўйинлар статистикаси

«Ал-Аҳли» ва «Насаф» шу вақтга қадар ўзаро 4 та ўйин ўтказган. 2015 ва 2016 йилда ўтган ушбу ўйинларнинг 2 тасида Саудия вакили ғалаба қозонган. 1 та ўйинда дуранг натижа қайд этилган ва яна 1 та ўйин Рўзиқул Бердиев шогирдларининг ғалабаси билан якунланган.

«Ал-Аҳли»нинг Ўзбекистон клубларига қарши ўтказган барча ўйинларидаги натижалар билан танишинг:

«Ал-Аҳли» 6:1 «Навбаҳор» (2000);

«Навбаҳор» 2:0 «Ал-Аҳли» (2000);

«Ал-Аҳли» 3:0 «Пахтакор» (2005);

«Пахтакор» 2:1 «Ал-Аҳли» (2005);

«Ал-Аҳли» 2:1 «Насаф» (2015);

«Насаф» 0:0 «Ал-Аҳли» (2015);

«Ал-Аҳли» 2:1 «Насаф» (2016);

«Насаф» 2:1 «Ал-Аҳли» (2016);

«Ал-Аҳли» 2:0 «Бунёдкор» (2017);

«Бунёдкор» 2:1 «Ал-Аҳли» (2017);

«Пахтакор» 1:0 «Ал-Аҳли» (2019);

«Ал-Аҳли» 2:1 «Пахтакор» (2019).

Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган «Ал-Аҳли» – «Насаф» ўйини 15 сентябрь куни, Тошкент вақти билан 23:15 да старт олади.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?