“Ахсикент” – Қатар ва БАА билан янги маданий-инновацион ҳамкорлик марказига айланмоқда

16:24 21 Ноябрь 2025 Жамият
352 0

Намангандаги “Ахсикент” археология парки кейинги пайтларда халқаро ҳамкорлик йўналишида фаол иш олиб бормоқда. Қатар Миллий кутубхонаси ва БААдаги TeamLab Phenomena Abu Dhabi музейи билан йўлга қўйилган келишувлар эса мамлакатимизнинг маданий ҳаёти, туризм салоҳияти ва илмий-тадқиқот соҳасини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Ҳар икки ташриф доирасида эришилган келишувлар “Ахсикент” археология парки фаолияти ва вилоятнинг халқаро нуфузига янги суръат берди.

Доҳада бўлиб турган Наманган делегациясининг ўтган йил декабрдаги ташрифи доирасида Қатар Миллий кутубхонаси (QNL) ва “Ахсикент” археология парки ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилган эди. Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси олиб борган изчил ишлар натижасида ушбу ҳамкорлик расмий равишда меморандум билан мустаҳкамланди.

Меморандумда қўлёзмаларни сақлаш ва уларни рақамлаштириш, илмий, амалий тажриба алмашиш, шунингдек, қўшма маҳорат дарслари, тренинглар ва ўқув дастурларини ташкил этиш каби муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорлик белгиланди.

Элчи Ашраф Ходжаевнинг айтишича, 2026 йил февраль ойида Қатардан кенг таркибли делегация Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар дастурида Наманган алоҳида ўрин тутади. Чунки Наманган вилояти Қатар билан ҳамкорликда энг фаол ҳудудлардан ҳисобланади.

БААга қилинган ташриф чоғида Наманган делегацияси TeamLab Phenomena Abu Dhabi музейига ҳам борди. Ўзига хос футуристик инсталляциялар билан машҳур, сув, ёруғлик ва ҳаво орқали яратилган санъат асарлари жойлашган ушбу музей қисқа вақтда дунё сайёҳларининг эътибор марказида бўлган маконларидан бирига айланган.

Учрашувда “Ахсикент” археология парки директори Анвар Икромов музей раҳбари Муҳаммад Ал Зааби билан мулоқот қилиб, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда Наманганда замонавий музей лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Туризм бўйича мана шундай катта лойиҳаларга бел боғлаган Анвар Икромов билан араб диёрларида сафарда бўлишига қарамай онлайн форматда суҳбатлашиб, саволга тутдик.

TeamLab музейига ташриф сизда қандай таассурот қолдирди?

– Бу музейга кирган киши гўё бошқа дунёга тушгандек бўлади. Технология ва табиат уйғунлиги инсонни ўйлантириб қўяди. Интерактив ёруғлик инсталляциялари, ҳаракатланувчи сув шакллари – буларнинг барчаси санъатга нисбатан янги қарашни намоён қилади.

Ушбу тажриба “Ахсикент” археология парки учун нималарни беради?

– Аввало, бизга замонавий илғор технологияларни қўллаш зарурлигини кўрсатди. “Ахсикент”да ҳам келажакда интерактив, рақамли экспозициялар ташкил этиш орқали археологик меросни янада жозибали кўрсатиш имконияти пайдо бўлади. Сайёҳлар учун ҳам жуда катта қизиқиш уйғотади.

Юртимизда TeamLab каби музей барпо этиш ҳақида нима дейсиз?

– Жуда ҳам таъсирли ва ичимни қиздираётган янги лойиҳаларимизга тааллуқли бўлган саволни бердингиз. Учрашувда музей директори Муҳаммад Ал Зааби ҳам юртимизда, айниқса Наманганда бундай лойиҳа ташкил этиш мумкинлигини билдирди. Агар бу амалга ошса, Наманганнинг мавқеи бутун минтақа бўйлаб анча ошиб кетади.

TeamLab Phenomenaнинг 17 минг метр квадрат майдонга жойлашгани кишини табиатга бўлган муҳаббатини кучайтиради. Худди шундай экзотикага бой кўринишга эга лойиҳалар водий дарвозаси Наманганнинг келгусида туризм салоҳиятини янада жонланишига муносиб хизмат қилади.

Қатар Миллий кутубхонаси ва TeamLab Phenomena билан йўлга қўйилган ҳамкорликлар вилоятнинг илмий-тадқиқот салоҳияти, маданий меросни асраб-авайлаш тизими, туризм ва халқаро ҳамкорлик кўлами каби соҳаларда янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Ташриф ва келишувлар вилоятнинг жаҳон тажрибасини қабул қилувчи, инновациялар учун очиқ ва халқаро ҳамкорлик марказига айланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Улуғбек Рўзиматов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер