Академия битирувчиларига диплом ва ҳарбий унвон тантанали топширилди

21:59 19 Июнь 2022 Жамият
1007 0

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида битирувчи курсантларга диплом ва лейтенант ҳарбий унвонини топширишга бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев ҳамда Академия бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев сўзга чиқиб, юртимизда олий маълумотли мутахассис кадрларни ҳар томонлама етук, масъулият ва бурчини чуқур ҳис қиладиган ҳамда ўз касбини севиб ардоқлайдиган, фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш учун кенг имкониятларни яратиб бераётганини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ушбу ислоҳотлар жараёнида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига қаратилаётган эътиборни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.

Битирувчиларга диплом ва лейтенант ҳарбий унвони тантанали равишда топширилди. Ёш офицер учун генерал қўлидан диплом ва ҳарбий унвон олиш катта ишонч ва фахр-ифтихор, десак, муболаға бўлмайди. Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида бир умрлик олтин саҳифалар бўлиб қолади.

Жорий ўқув йилида “Ёнғин хавфсизлиги” ва “Техносфера хавфсизлиги” мутахассисликлари бўйича таҳсил олган 150 нафар битирувчидан 5 нафари имтиёзли диплом билан битирдилар.

Тантана давомида сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўзларининг ҳис-ҳаяжонга тўла тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этишди.

— Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, — дейди битирувчилардан бири, лейтенант Сардорбек Тоҳиров. — Бизни вояга етказган ота-оналаримиз, таълим-тарбия берган устозларимиз, барча шарт-шароитни яратиб берган Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлигини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак, биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва Она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз. Келгусидаги хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга ваъда берамиз.

— Бугун фарзандим Исломбек офицерлик унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, — дейди полковник Нуржан Бекбаум. — Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилаётганлигим сабабли бизнинг оиламизда ҳам ушбу касбга хос бўлган муҳит шаклланган ва шу руҳда вояга етган. Ишонаманки, фарзандларим жонажон Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, мустақил юрт осойишталигини таъминлашга бор куч ва шижоатларини сафарбар этади.

Тантанали тадбир катта байрам концертига уланиб кетди.

Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,

ФВВ Академияси катта ўқитувчиси, майор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?