Аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар

16:04 19 Февраль 2025 Жамият
232 0

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи аъзолари беш кун давомида Тошкент шаҳри, Наманган ва Бухоро вилоятларининг энг олис ва чекка ҳудудларида ўз фаолиятини давом эттирди.

Ишчи гуруҳ томонидан бириктирилган ҳудудлардаги маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, миграциядаги фуқаролар билан ишлаш шунингдек, белгиланган бошқа масалалар бўйича манзилли ишлар олиб борилди.

Ишчи гуруҳларга Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси масъул ходимлари, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Мудофаа, Адлия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари каби қатор идоралардан масъул раҳбар-ходимлар жалб этилди.

Аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан сайёр қабуллар ўтказилди. Уларда 4 мингга яқин мурожаатлар келиб тушиб, 1,2 мингдан зиёди жойида ҳал этилди. Қолган қисми қўшимча ўрганиш ва маблағ талаб этганлиги сабабли ижро учун назоратга олинди.

Қабулларда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлик, моддий ёрдам, коммунал ва инфраструктура билан боғлиқ масалалари юзасидан мурожаатлари тегишли соҳа масъуллари томонидан ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар, аҳоли муаммоларини маҳаллабай ўрганишлар натижасида жойларда 11 км. йўл асфальтлаштирилди, 26,4 км. йўл шағаллаштирилди. 225 дона темир-бетон устун ўрнатилиб, янги 40,6 км. узунликдаги электр тармоғи тортилди. 224 та трансформатор, 2 мингдан зиёд газ тақсимлаш пункти капитал таъмирланди. 118 мингта қўшимча суюлтирилган газ баллонлари хонадонларга етказиб берилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Аҳоли орасида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир, чегара ҳамда олис ҳудудларда жойлашган жами 395 та маҳаллада меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Уларда 2 минг нафарга яқин ишсиз фуқаролар бўш ўринларига ишга жойлаштирилди.

Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Республика ишчи гуруҳи аъзолари ёрдами билан “Ғиждувон тажрибаси” асосида 6 та йирик лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари очилди.

Шунингдек, “Сайхунобод тажрибаси” асосида 4 мингга яқин микролойиҳалар амалга оширилиб, 8 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланиши кутилмоқда. Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган дастур доирасида 2 мингга яқин фуқароларга жами 27,1 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. “Уйчи тажрибаси” асосида “мижозбай” ишлаш орқали 6 мингта доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Айни пайтда ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда.

Нилуфар ЭШМАМАТОВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?