Аграр соҳадаги ислоҳотлар ўз вақтида амалга ошириляптими? Сенаторлар бу масалани атрофлича ўрганди

15:24 30 Ноябрь 2020 Сиёсат
780 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг видеоконференцалоқа шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида қишлоқ хўжалиги вазирининг ахбороти эшитилди.

         Стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони, 9 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинган.

Хусусан, пахта хом-ашёси ва ғалла етиштиришда бозор механизмларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ҳамда геоботаникага оид тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек озиқ-овқат тармоғини ривожлантиришга доир қатор вазифалар бажарилган.

Суғориладиган майдонларда ўртача гектаридан 57 центнердан ортиқ, лалми майдонларда эса ўртача гектаридан 11 центнер ҳосил олиниб, жами
6,4 миллион тонна дон етиштирилган. 2021 йил ҳосили учун 272 минг тоннадан ортиқ сара уруғлик жамғарилган ва давлат эҳтиёжлари учун 3,5 миллион тоннага яқин дон экспорт қилинган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шу билан бирга, интенсив боғ ва янги токзорлар барпо этилиб, соҳани қўллаб-қувватлаш учун жорий йилнинг 9 ойида жами 82,8 миллиард сўм миқдорда субсидия ажратилган.

Яна бир жиҳат. Халқаро стандартлар талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида 315 та корхона ва фермер хўжаликлари томонидан Global G.A.P., Organic, ISO 22000 халқаро сифат стандартларининг мувофиқлик сертификатлари олинган.

Мажлисда стратегияда назарда тутилган вазифаларнинг бажарилишида айрим камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Яъни, 2020 йил 1 мартга қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини қайта кўриб чиқиш белгиланган бўлса-да, ушбу вазифанинг ижроси ўз вақтида таъминланмаган. “Ақлли қишлоқ хўжалиги”ни ривожлантириш Давлат дастури бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.

— Биз жойларда ўрганишлар олиб борганимизда, мазкур стратегиянинг ижроси билан боғлиқ кўплаб камчиликларга йўл қўйилганини кўрдик, — дейди юқори палатанинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. — Қарорда режа бўйича 2020 йилда республикада жами 280 минг гектар ерларни ўзлаштириш белгиланган. Аммо Жорий йилнинг 9 ойида ҳудудларда фақатгина 51,9 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилган. Бу жуда кам. Ижро муддати тугашига жуда оз қолди. Бундан ташқари, сув етиб бориши энг қийин бўлган Қашқадарё вилоятини оладиган бўлсак. Бу ҳудудга сув етти босқичда кўтарилиб, катта харажат билан давлат томонидан етказилади. Аммо, қишлоқ хўжалиги ерларнинг унумдорлиги жуда паст. Шу сабабли , ҳудуддаги аграр ислоҳотлар ҳам қўмитамизнинг назоратига олинди. Фермерларни қийнаётган муаммоларни ўрганяпмиз. Паст рентабелли ерларга пахта ва ғалла экинларини жойлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Фермер яхши ҳосил оломайди ва унинг иқтисодиёти камайиб кетади. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Сенаторларнинг таъкидлашича, ерларни ўзлаштиришда давлат-хусусий шериклик механизмлари тўғри йўлга қўйилмаган. Мазкур соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш масаласи тўлиқ амалга оширилмаган.

Мажлисда мазкур аниқланган камчиликлар бартараф этиш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?