Афсоналарга айланган ҳақиқатлар ёхуд хоразмшоҳ буйруғи билан Амударёга чўктирилган Маждиддин Бағдодий ким эди?

20:15 28 Апрель 2021 Маданият
1158 0

1984 йилнинг ёзида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг йўлланмаси билан Туркманистон Республикаси ҳудудида жойлашган Кўҳна Урганч шаҳри тарихий обидалари ҳақида мақола ёзиш мақсадида бу қадим шаҳарга бориш насиб этди. Бу саёҳатда менга хоразмлик иқтидорли шоир, тарих билимдони Матназар Абдулҳаким йўлдошлик қилди. Шаҳар вайроналари бағрида сақланиб қолган ёдгорликлар зиёратидан кейин «Кўҳна Урганч» музей-қўриқхонаси раҳбарлари ҳамроҳлигида бу ерда ХХ аср бошларида барпо этилган Тош масжидга йўл олдик. Масжидда шаҳар харобаларидан топилган ноёб археологик осори-атиқалар сақланар экан. Уларнинг орасида ғаройиб бир ёдгорлик — қабр тоши кўпроқ эътиборимизни жалб этди. У қора тошдан ясалган бўлиб, узунлиги 2 метр, эни ва бўйи 50 сантиметрдан иборат эди. Унинг асоси тўртбурчак шаклда, устки қисми эса учбурчак ҳолатда ишланганди. Қабртошининг бош ва оёқ қисмидаги томонларга эни ҳам, бўйи ҳам 30 сантиметр ҳажмда оқ кошинлар қопланган бўлиб, кошинлар юзасида нилий рангдаги учиб кетаётган қуш, қушнинг тумшуғида эса думалоқ шаклли қип-қизил донга ўхшаш нарса акс эттирилган эди. Бу тасвир ҳайратомуз тарзда гўзал яратилган ва у ниҳоятда яхши сақланганди.

— Ушбу тасвирнинг қабртошда акс эттирилиши бежиз эмас. Тарихий осори-атиқалар, башоратномалар ва тақдирномаларда битилишича, инсон вафотидан кейин унинг руҳи ёки жонини Яратган ҳузурига турли хил қушлар тимсолидаги фаришталар олиб борармишлар. Қабртошдаги тасвирда ҳам ана шу ҳолат ифодасини топган. Қабртоши улуғ инсонга қўйилган бўлса керак. Унда тасвирланган қуш қалдирғочга ўхшайди, — дея фикр билдирди Матназар Абдулҳаким.

— Бу қабртошини Нажмиддин Кубро мақбарасининг жанубий томонидаги девор яқинидан топдик, — дея сўзга қўшилди туркманистонлик археолог Ҳамро Юсупов. — Бу тош қабрлар оралиғида, 1,5-2 метр ер остида қолиб кетган экан. Демак, бу тош қўйилган қабрда улуғ шайхга яқин бўлган инсонлардан бири дафн этилган. Бу инсон Нажмиддин Кубронинг фарзандларидан, қариндошларидан ёки шогирдларидан бири бўлиши мумкин. Тарихий маълумотларга кўра, улуғ шайх мўғулларга қарши курашиб ўз хонақоси яқинида шаҳид бўлган. Нажмиддин Куброга садоқатли инсонлар уни шаҳид бўлган жойига дафн этганлар. Кейинчалик қабри устига алоҳида бино тикланган. Эски хонақо бузилиб, янгиси барпо этилган. Хонақо ва қабр устидаги хона қўшилиб, яхлитликда Нажмиддин Кубро мақбараси пайдо бўлган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Нажмиддин Кубро мақбараси ёнидаги қабр ва қабртошини унинг шогирди Маждиддин Бағдодийга нисбат берса бўлади. Чунки Нажмиддин Кубронинг Маждиддин Бағдодийдан бошқа шогирдларидан бирортаси унга яқин жойга дафн қилинмаган.

Ушбу қабр ва қабртош Маждиддин Бағдодийга тегишли эканлиги ҳақидаги маълумот бошқа манбаларда ҳам учрайди. Масалан, Хива хони Оллоқулихон ҳукмдорлик қилган (1825-1842) йилларда бу ерда Эрон давлати элчиси бўлиб ишлаган муаррих Ризоқулихон Кўҳна Урганчга сафари таассуротлари ҳақида тўхталиб, шундай деб ёзади: «Шайх Нажмиддин Кубро мақбарасини зиёрат қилганимиздан кейин шу ерда хизматни адо этадиган инсон бизга шайх Маждиддин Бағдодий қабрини ҳам кўрсатди. У Нажмиддин Кубро мақбарасига ниҳоятда яқин эди. Маждиддин Бағдодий қабридаги тош Нажмиддин Кубро мақбарасидаги «Еттита хоразмшоҳ» қабртошларига ўхшарди, лекин бу қабртош уларга нисбатан мукаммал ишланганди.»

Хоразмда яратилган, муаллифи номаълум «Нажмиддин Кубро ҳақида қисса» асарида ҳам Маждиддин Бағдодий қабри тўғрисида маълумот берилади. Бу асарда фақат Маждиддин Бағдодий образи Нажмиддин Кубронинг севимли шогирди Жамилжон исмли ёш йигит тимсолида намоён бўлади. Маждиддин Бағдодий қабри улуғ шайхга садоқат билан хизмат қилган Жамилжон қабри деб кўрсатилади.

Булардан ташқари, Кўҳна Урганчда археологик ва меъморий жиҳатдан илмий тадқиқотлар олиб борган рус шарқшунос олимлари А.Якубовский 1930 йилда ёзган «Урганч харобалари»да, В. Пилявский 1948 йилда нашр қилдирган «Урганч ва Миздахкон» асарларида ҳам ушбу қадим шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари қаторида Маждиддин Бағдодийга нисбат қилинган қабр ҳақида ҳам маълумотлар берадилар. Улар маълумотларига кўра, бу қабр Нажмиддин Кубро ва машҳур курашчи, шоир Паҳлавон Маҳмуднинг отаси Пирёр Вали мақбаралари оралиғида жойлашган бўлган. Қабрнинг устига бино тикланган, аммо бу бино даврлар ўтиши билан бузилиб кетган. В.Пилявский бу бино пойдеворининг қолдиқларини очиб ўрганган, ўлчамларини аниқлаган. Ўлчамларига кўра, қабр устидаги бино икки хонали тарзда, баланд қилиб барпо этилган. Кириш йўлаги жануб томонда бўлиб, пештоқли тарзда тикланган. Афсуски, вақт ўтиши билан давр талотумлари туфайли қабр ҳам, унинг устидаги бино ҳам бузилиб, йўқ бўлиб кетган. Улуғ шайх Нажмиддин Кубронинг севимли шогирди Маждиддин Бағдодий номи билан боғлиқ зиёратгоҳ ҳаёт кўзгусидан ўчган.

Археологлар томонидан қазиб олинган Маждиддин Бағдодийга нисбат берилаётган қабртошни зиёрат қилаётиб ҳаётнинг абадий қонуниятини намоён қилувчи бир ҳақиқатни — инсон бу дунё учун омонат, умр ўлчовли, тириклик унга қарз учун берилганлигини, лекин бу заминда яхшилик учун хизмат қилганлар, ўлмас ғоялар яратганлар, умрбоқий сўз айтганлар, башарият учун улуғ амалларни бажарганлар тарих бағрида йўқ бўлиб кетмаслигини, улар мангулик эканликларини яна бир карра чуқурроқ англаб етдим. Шайх, сўфий шоир эса рубоийларидан бирида ўз тақдири, аччиқ қисмати ҳақида башорат қилиб, шундай деб ёзади:

Дунёси тугаб, қоронғулик келса сиқиб,

Бошлар кўтарилганда мозорларни йиқиб,

Бечора шаҳид таним ҳам ўз қонига ғарқ.

Тўзони қиёмат ичра келмасми чиқиб?..

* * *

Маждиддин Бағдодий ҳаёти, фаолияти ҳақида аниқ тарихий маълумотлар бизгача ниҳоятда кам етиб келган. Одатда бундай ҳолатда улуғ инсонлар, алломалар, валийлар, буюк шахслар, умуман, машҳур аждодларнинг ҳаёти борасида аниқ маълумотлар, тарихий фактлар кам бўлса ёки бўлмаса аҳли омма орасида улар ҳақида ҳар хил афсоналар, ривоятлар тўқилади. Тарих ўрнини ривоятлар эгаллайди. Халойиқ машҳурлар ҳаётини юксак мақомларда кўрсатишга интилади. Шу маънода Маждиддин Бағдодий ҳаёти борасида халқ орасида турфа хил афсоналар яратилган.

Ривоятлардан бирида Маждиддин Бағдодий 10-12 ёшлар атрофидаги Жамилжон исмли бола сифатида таърифланади. У Хоразмнинг Бағдод номли кентидан бўлиб, онаси илтимосига мувофиқ Нажмиддин Кубро хизматига киради. Яна бир ривоятда у хуш суратли, ақлли-хушли яҳудий йигит тарзида тасвирланади. Исломни қабул қилиб, улуғ шайхга мурид тушади. Бошқа бир ривоятда эса унинг халифалик маркази Бағдоддан келган табиб оиласига мансублиги, акаси Хоразмшоҳлар саройида, ўзи эса Нажмиддин Кубро хизматида бўлганлиги айтилади.

Тарихий манбаларда Маждиддин Бағдодийнинг 1150 йилда таваллуд топганлиги, Нажмиддин Кубро хизматига келганида ёши улуғ инсон бўлганлиги келтирилади. Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий «Насойимул муҳаббат» асарида у ҳақда тарихий маълумотлар ва ривоятларга асосланган ҳолда шундай деб ёзади: «Куняти Абу Саиддур, оти Маждуддин Шараф ибн Муяяд ибн Абдулфатҳ ал-Бағдодий. Асли Бағдоддандур. Хоразмшоҳ Бағдод халифасидан табибе тилади. Анинг отасин юборди. Ва баъзилар дебдурларки, Бағдоддандурки, Хоразм кентларидандур. Ва ул султоннинг муқаррибларидан эрди. Шайх Рукниддин Алоуддавла қуддиса сирруҳу буюрубтурки: «Улки дерлар, ул амрад» (ёш йигит) эрмишки, Ҳазрат шайх хидматиға етибдур, бу хилоф воқиъдур. Ул ёшқа етган улуғ йигит эрди, аммо латиф сурати ва ҳайъати бор эрди. Ҳазрат шайх ани аввал мутавваззо хидматиға амр қилди. Волидаси эшитти ва ул табиба эрди. Ҳазрат шайх ҳам табиб эрди, айтиб юбордиким: «Фарзанд Маждуддинға хидмат буюрғон эрмишсиз ва ул нозик кишидур. Агар мурод ул хидматдур, мен ўн турк қул юборайин, то ул хидматни бажо келтургайлар ва анга ўзга хидмат буюрунг». Шайх дедиларки: «Анга айтингки, мен эшитибменки, тиб илмин билурсен, сендин бу сўз ажабдур. Агар сенинг ўғлинға сафровий иситма ташвиш берса, мен даруни ул қулларга берсам, ул сиҳҳат топарму? “ Ул жавоб топмади. Ва бу навʼ тарбиятким, Ҳазрат шайх қуддиса сирруҳу шайх Маждудинға бунёд қилдилар. Бир неча вақтдин сўнграким, риёзатлар тортиб сулуклар қилди, олий маротиб ҳосил қилиб, буюк мақомларға қадам қўйди».

Алишер Навоий Маждиддин Бағдодий ҳаёти ҳақида сўз юритганда шу билан чекланиб қолмайди. У «Насойимул муҳаббат»нинг «Розиюддин Али ал-Лола» қисмида унинг тарихига яна бир аниқлик киритиб, шундай деб ёзади: «Шайх Али Лола мусофир бўлиб шайх Нажмиддин Кубро хидматлариға келди ва сулукка машғул бўлди. Андин кейин кўп муддатдин сўнгра шайх Маждуддин Бағдодий Ҳазрати шайх хидматлариға мушарраф бўлди. Шайх ўтуз беш ёшларида тахминан сулукка машғул бўлубтурлар ва шайх Маждуддин тўрт-беш ёш шайх Али Лоладин ортуқ эмиш». Бу маълумотдан кейин шайх Маждиддин Бағдодийнинг 1185 йилдан кейин Нажмиддин Кубро хизматига кирганлиги маълум бўлади. Шайх Нажмиддин Кубро «Кўнглим кўзи билан кўрганларим» рисоласида инсоннинг «охират сафари» ҳақида мулоҳаза юритар экан, ҳақ аҳли, яъни одамлар ҳаётлари давомида қаерда бўлмасин, қандай иш билан шуғулланмасин, ким билан суҳбат қурмасин, қай ўлкаларга бормасин, нималар ҳақида сўз юритмасин, бу ишларнинг, амалларнинг барчасидан келиб чиқадиган яхшиликлар ва ёмонликлар учун Яратган олдида жавоб беради, деган хулосага келади. Маждиддин Бағдодий Нажмиддин Кубро хизматида сулук қилиб, буюклик мақомига эришганидан кейин «охират сафари» пайтида ўзи учун қийин бўладиган ужб йўлини тутиб, таҳассурлик қилади. Алишер Навоий таъбири билан айтганда, «сукри ғолиб бўлади». Улуғ шоир «Насойимул муҳаббат»да бу хусусда шундай деб давом этади: «Дерларки, шайх Маждуддин бир кун дарвишлар била ўлтуруб эди. Анга сукри ғолиб бўлди: Дейди: «Биз ўрдак тухуми эрдук дарё қийроғида ва Улуғ шайх қуше эрдики, қаноти остида бизни парвариш бериб тарбият қилди, то ул тухумдин чиқтуқ. Чун ўрдак боласи эрдук, дарёға кирдук ва улуғ шайх қийроқта қолди». Ва ҳазрат шайх каромат нури билан ул сўзга воқиф бўлдилар ва муборак тиллариға келдики: «Дарёда ўлгай».

Албатта, Маждиддин Бағдодий ўзининг бу паришонлик билан айтган сўзидан ва улуғ шайхнинг башоратидан қўрқувга тушади. Лекин айтилган сўз, отилган ўқ. Алишер Навоий яна давом этиб ёзади: «Шайх Маждуддин бу сўзни эшитиб қўрқти ва шайх Саъдуддин Ҳуммуйи (Ҳамавий) қошиға келиб, кўп тазарруʼ қилдиким: «Бир кунки Ҳазрат шайхнинг вақтларин хуш топсанг, манга хабар қил. То ҳазратлариға келиб узри қилай». Бир кунки, шайх ҳазратлари самўда хушҳол бўлиб эрди, шайх Саъдуддин шайх Маждуддинға хабар қилди. Ул оёғ яланг келди ва бир таштда ўт тўлдириб, бошиға кўтариб, кашфгоҳда турди. Чун шайх ҳазратларининг муборак назари анга тушти. Дедиларки: «Чун дарвишлар тариқи билан паришон сўзунг узрини қиласен, бу билан имон ва дин саломат эттинг, аммо бошинг борғай ва дарёда ўлғайсен ва биз ҳам сенинг бошингға борғайбиз ва сардорлар боши ва Хоразм мулки ҳам сенинг бошингға борғай ва олам хароб бўлғай.» Шайх Маждуддин шайх ҳазратларининг муборак оёғлариға тушти. Ва оз фурсатда Ҳазрат шайхнинг муборак нафаси зоҳир бўлди».

Демак, воқеалар ривожидан маълум бўлаётибдики, ҳазрат шайхнинг муборак нафаси зоҳир бўлган, яъни шайхнинг башорати амалга ошиши аниқ. Нажмиддин Кубро суюкли шогирднинг бошига олов тутиб турган ҳолда қилган узрини қабул қилмаган. Шундай ҳолда ровийлар тилидан фасона бошланади: «Жамилжон шайх хизматига ҳозир бўлди. Шайх унга дарёдан таҳорат суви келтиришни буюрди. У дарё томон кетди. Аммо икки кун Жамилжондан дарак бўлмади. Учинчи кун у бир қўлида таҳорат учун олинган кўзадаги сув ва иккинчи қўлида кесилган боши билан шайх ҳузурида пайдо бўлди. Бу ҳолни кўрган Нажмиддин Кубро «Демак, душман хуруж бошлабди, мамлакат ва халқ бошига оғир ташвиш тушади, юрт вайронага айланади», деди. Шайх башорати тўғри бўлиб чиқди».

Алишер Навоий эса «Насойимул муҳаббат»да тарихнинг бошқа бир ҳақиқатини келтиради: «Шайх Маждуддин Хоразмда ваъз айтур эрди ва Хоразмшоҳнинг онаси анинг ваъзига борур эрди. Ва жамила заифа эрди. Душманлар фурсат асрадилар ва Хоразмшоҳ маст эканда онга айттиларки: «Онанг Имом Абу Ҳанифа мазҳаби била шайх Маждуддиннинг никоҳига кирибдур».

Султон бағоят мутағаййир бўлди ва буюрдиким, шайх Маждуддинни Жайҳун суйиға солдилар. Чун шайх Маждуддинни олти юз еттида, ё олтида шаҳид қилдилар».

Афсона ва тарих ҳақиқатлари қоришиғи асосида намоён бўлувчи шайх Маждиддин Бағдодий ҳаёти ҳақидаги маълумотлар мана шундай якун топган. Лекин тарихнинг бир ҳақиқати аниқ: ҳазрат шайх Нажмиддин Кубро башорат қилганидек, шайх Маждиддин Бағдодий Амударёга чўктириб ўлдирилади. Бироқ унинг ўлдирилиш санаси ва сабаби ҳақида ҳар хил маълумотлар ва фикрлар келтирилади. Алишер Навоий келтирган ҳижрий 606-607 йил санаси милодийга айлантирилса, 1210-1211 йиллар келиб чиқади. Баъзи манбаларда шайхнинг шаҳид қилиниши санаси 1217 йил деб келтирилади. Ўлимининг сабаблари ҳақида ҳам турли мулоҳазалар мавжуд. Алишер Навоий бунга сабаб қилиб Маждиддин Бағдодий билан Хоразмшоҳнинг онаси Туркон хотун ўртасидаги муносабатларни келтирса, яна бошқа бир манбада Маждиддиннинг Хоразмшоҳлар саройидаги қизлардан бири билан ишқий муносабатлари туфайли у Амударёга чўктирилгани айтилади. Яна бир манбада «Тангри наздида энг маъқул жиҳод золим подшоҳга айтилган ҳақ сўздир», деган ҳадисга амал қилиб, Муҳаммад Хоразмшоҳни тўғри йўлга солишга урингани учун шайх Маждиддинни Амударёга чўктирганлар» дейилади.

Эронлик олим А.Аторудий эса Маждиддин Бағдодий ҳаётини ўрганиш асосида унинг ўлимига сабаб бўлган бошқа омил ҳақида сўз юритади. «Маждиддин Бағдодий Хоразмшоҳнинг Бағдод халифаси ҳузурига юборган элчилари сафида бўлган. Элчилик пайтида халифага «Мен Хоразмшоҳнинг фуқароси бўлсам ҳам сенинг қулингман», деган фикрни айтган. Унинг душманлари бу фикрни нотўғри талқин қилиб, Хоразмшоҳга етказган. Хоразмшоҳ билан халифалик ўртасида муносабатлар кескинлашгандан кейин Маждиддин Бағдодий дарёга чўктириб ўлдирилган».

Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да Маждиддин Бағдодий ҳақидаги маълумотларни Нажмуддин Кубронинг у ҳақдаги башоратлари билан боғлаб «Ҳар не Хоразмшоҳ ва Хоразм аҳли ва ўзи бобида ва оламнинг хароб бўлури сабабида Ҳазрат шайх деб эрди, барча вужуд тутти» деб якунлайди. Ва орадан кўп ўтмай барча вужуд тутган воқеа содир бўлади. Мўғуллар босқини нафақат Хоразмшоҳ ва Хоразм аҳлини, бутун оламни зулмат қўйнига чўктиради. XIII аср тасаввуф тараққиётига катта ҳисса қўшган, Фаридиддин Аттор, Нажмиддин Розий, Розиддин Али Лола каби улуғ шайхларга устозлик қилган «Сафар рисоласи», «Яхшилар совғаси» каби тасаввуфга оид кўплаб рисолалар яратган, сўфиёна рубоийлар битган ва ўзидан катта маънавий мерос қолдирган Маждиддин Бағдодийнинг афсона ва тарихий ҳақиқатлар билан уйғунлашган ҳаёти ана шундай кечган. Улуғ шайх ўз тақдирини билгандек ўлими олдидан рубоийларидан бирида шундай деб ёзади:

Ул баҳри муҳитга кирмак истар кўнглим,

Ё чўксаму ё инжуга тўлса қўйним.

Этсайдим адо — бу иш хатарли гарчи,

Ишқ рангига эврилса юзим ё бўйним...

Камол МУҲАММАД ЁҚУБ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?