Адвокатлик лицензиясини олиш енгиллашмоқда

17:38 16 Май 2023 Сиёсат
538 0

Архив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, адвокатура институти ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципи асосида ишни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси такомиллаштирилди.

Аммо шунга қарамай, адвокатура соҳасига ёш мутахассис кадрларни жалб этиш, соҳанинг жозибадорлигини кўтариш орқали мамлакатимизда аҳолига малакали юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар салмоғини ошириш билан боғлиқ муаммолар ҳануз сақланиб қолмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан адвокатлик лицензиясини олишга имтиҳон топшириш учун талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши талабининг бекор қилиниши олий таълим ташкилотлари битирувчи ҳуқуқшунослари орасида адвокатура соҳасига бўлган қизиқишнинг ошишига ва соҳада кадрлар алмашинуви жараёнлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?