Тошкентда адвокат 100 минг, собиқ прокурор 30 минг доллар пора билан қўлга тушди (видео)

11:43 18 Июль 2024 Жамият
320 0

Фото: Иллустратив

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент адвокатлар билан боғлиқ бир қатор қонун бузилишларини аниқлади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар беради.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳридаги адвокатлик фирмаларида ишловчи 2 нафар адвокат ўзаро тил бириктириб, 2023 йилда суд ҳукми билан 6 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкумга нисбатан бўлган жиноят ишини вилоят суди томонидан тафтиш тартибида кўриш давомида, унга нисбатан тайинланган жазони суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога ўзгартириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Яна бир ҳолат Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмасининг муқаддам бир неча маротаба судланган адвокати билан содир бўлган. Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида аниқланган 12 миллиард сўм миқдоридаги зарарнинг 6 миллиард сўмини прокуратура ва ички ишлар органларидаги танишлари ёрдамида жабрланувчи фойдасига ундириб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлган. Қайд этилишича, у сўралган пул маблағидан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ, шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, адвокатнинг мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган ҳамкасби ва муқаддам прокуратура органларида ишлаган таниши ҳам 50 минг АҚШ долларидан 30 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланган.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмасининг муқаддам судланган адвокати Оқдарё туманида яшовчи фуқаронинг турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳини бекор қилишда суд тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

«Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Gentra»га «UZB» серияли сохталаштирган автомашина рақамини таққан шахс қамалганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер