Адлия ва халқ яқинлиги

16:57 05 Июль 2024 Жамият
191 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Самарқанд вилоятида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир «Адлия куни» лойиҳаси билан бошланди. Каттақўрғон шаҳар «Навбаҳор» маҳалласида тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда сайёр қабул ташкил этилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини қабул қилиш асносида адлия органлари масъуллари ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирокида сайёр ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди. Каттақўрғон шаҳар ва Каттақўрғон туманида адлия органларининг аҳоли муаммолари билан ишлашда «фуқаро – маҳалла – адлия» тизими самараси ўрганилди.

Шунингдек, адлия бўлими томонидан «Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси доирасида маҳалла раислари ҳамда «маҳалла еттилиги» учун семинар ўтказилди. «Ҳуқуқий кўмак» акцияси йўлга қўйилиб, Каттақўрғон тумани «Ойжон» маҳалласидаги фуқароларнинг муаммоларига ечим топилди.

«Нисбат» маҳалла биносида жойлашган интерактив инфокиоск қулайликлари таништирилди. Айни пайтда ушбу маҳаллада 3500 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган маҳалла вакиллари мазкур қурилма орқали 40 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланади.

— Бугунги кунда аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича Самарқанд тажрибаси асосида адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги 153 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 1000 дан ортиқ хонадонларга уйма-уй кирилиб, 220 дан зиёд ҳуқуқий муаммолар аниқланди, — дейди Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Озоджон Шодиқулов. — Уйма-уй юриш давомида фуқароларга «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган шахсларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди. 1074 та ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Хусусан, 239 та фуқарога ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрлаб берилиб, жойларда 1,5 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Судларга 273 миллион сўмлик даъво аризалари киритилди. Тақдимномалар асосида 267 миллион сўмлик тўловлар ундириб берилиши таъминланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?