“Адлия сайли”: муаммолар ечими, билимлар синови ва ҳуқуқий саводхонлик

18:27 19 Сентябр 2024 Жамият
248 0

Бугун мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнларда кўплаб вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида Адлия вазирлиги жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, вазирлик ташаббуси билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида одамларга ҳуқуқини англатиш мезонига асосланган тадбирлар мунтазам равишда ташкил этиб келинаётгани ҳам фикримиз далилидир. 

Вазирлик ишчи гуруҳи томонидан Нукус шаҳрида ўтказилган яна бир кенг қамровли тадбир — “Адлия сайли” ҳуқуқий акциясида ҳам аҳолининг катта қатлами қамраб олиндики, бу фуқароларнинг адвокатлар, нотариуслар, суд тизими, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан юзма-юз мулоқотга киришиб, муаммоларига ечим топиш имкониятини яратди.

Акция давомида тадбир иштирокчиларига тааллуқли соҳалар бўйича тизим мутахассислари томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилгани айни муддао бўлди. Сайилга фуқаролар, адлияга бириктирилган ёшлар, Нукус шаҳрида жойлашган олий ўқув юртлари, техникумлар, умумтаълим мактаблари, Ички ишлар академияси, “Темурбеклар” мактабидан жами 2 мингга яқин аҳоли  ташриф буюрди.

Тадбир “Саломатлик учун — 5000 қадам” лойиҳаси билан бошланиб, лойиҳа иштирокчилари манзилга етиб келганидан сўнг давлатимиз мадҳияси янгради. Шундан сўнг, сайил давомида совринли викториналар, спорт мусобақалари, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, “Ҳунармандлар” уюшмаси кўргазмаси, сайёр қабуллар, меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Шунингдек, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилди, психолог маслаҳатлари берилди.

Акция давомида Мудофаа бошқармаси оркестрлари ҳамда маданият ходимларининг концерт дастурлари, спортчи ёшлар томонидан каратэ, гимнастика, дзюдо турлари бўйича саҳна чиқишлари барча катта таассурот қолдирди. 

Давлат хизматлари маркази томонидан сайёр тартибда 20 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Айниқса, фуқаролар О.Айтымбетов ва Ш.Қыдырбаеваларнинг турмуш қуриб, 8 ойдан бери бирга яшаб келаётгани, аммо никоҳи қайд этилмаганлиги муаммоси билан қилган мурожаати тез фурсатда ўрганилиб, ечим топилгани ёш оиланинг хурсандчилигига сабаб бўлди. 

Гап шундаки, уларга шу ернинг ўзида ФҲДЁ бўлими томонидан никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Шунингдек, М.Мамбеталиев ва Н.Асановаларга эса фарзандларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари топширилди. Эътиборлиси, сайёр қабулда аҳоли томонидан 40 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан 12 таси жойида ҳал қилиниб, қолганлари тааллуқлиги бўйича назоратга олинди.

Таъкидлаш керакки, адлия тизимида ёшлар билан ишлаш масаласи ҳар доим муҳим вазифалардан биридир.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Адлия вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар сони 500 нафарни ташкил қилади. Қарийб 424 500 нафарга яқин ёшларга адлия органлари ходимлари бириктирилган бўлиб, улар билан манзилли ва тизимли ишлаш йўлга қўйилган.

Жумладан, ўтган давр мобайнида уларнинг 339 402 нафари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, анкеталар ва “йўл харита”лар шакллантирилган. Учрашув ва мулоқотлар давомида ёшларнинг 33 мингдан ортиқ муаммолари аниқланиб, шундан 20 мингга яқини ижобий ҳал қилинди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Адлия сайли”ни янада қизғин ўтказиш, аҳоли, айниқса, ёшларга кўтаринки кайфият улашиш, билими ва саводхонлигини ошириш мақсадида йигит-қизлар ўртасида интеллектуал ўйинлар ҳам ўтказилди. Шулардан бири — “Заковат” интеллектуал ўйини бўлди. Унда 1-ўринни “Темурбеклар” жамоаси, 2-ўринни “Адолат” жамоаси, 3-ўринни “Ветеринария” жамоаси эгаллаб, вазирликнинг махсус дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.

Умуман олганда, вазирлик ташаббуси билан ўтказилаётган бундай тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, уларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, пировард натижада бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?