Абул Муин Насафий – жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома

15:17 25 Ноябрь 2021 Маданият
659 0

Давримизнинг ўзига хос мураккаблиги шундаки, жаҳолатга асир кучлар, разолат ботқоғига ботган оқимлар ўз мақсадларига етишиш йўлида муқаддас ислом таълимотини тамомила тескари талқин этиб, уни қурол қилишга интилмоқдалар. Бу оқимлар илгари сураётган ёлғон ақидалар, асоссиз даъволарга қарши курашиш кучли далилланган илмий хулоса, раддиялар битилган манбаларни талаб қилади. Айнан бунга жавобни Абул Муин Насафий каби алломалар илмий меросидан топамиз.

Шу маънода ақида илмининг буюк намояндаларидан бири, ислом дини софлигини сақлаш қаратилган кўплаб илмий асарлар муаллифи Абул Муин Насафий бобомиз илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларидаги бугунги кун учун долзарб бўлган ҳикматларни ёш авлодга етказиш долзарб аҳамиятга эга.

ХI асрда яшаб ижод қилган бу улуғ мутафаккир ўз даврида пайдо бўлган ақидапараст оқимларга қарши асарлар ёзган, соғлом эътиқод борасида тинмай изланишлар олиб борган ва, мухтасар қилиб айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашганлиги  тарихдан маълум. Лекин, тан олиш керак, узоқ йиллар ул зот илмий мероси ҳам, қадамжоси ҳам эътибордан четда қолиб келаётган эди.

Президентимиз  Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Абул Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилар экан, ушбу масканни обод зиёратгоҳга айлантириш, кутубхона ташкил этиш, буюк олим асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эди.

Президентимиз ташаббуси билан зиёратгоҳда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги масжид, музей, кутубхона ва маъмурий бинолар қурилди. Дарахтлар, гуллар экилиб, сўлим боғ барпо этилди. Бугун бу зиёратгоҳга келган кишининг ўзгаришлар нафасидан баҳри дили очилади. Кираверишда Аблу Муин Насафий китобларининг номи ва ўгитларига кўзингиз тушади. Зиёратгоҳда XI асрга оид ёдгорлик ва қудуқ, XIII асрда қурилган ва ҳозиргача сақланиб қолган эски масжид ҳам зиёратчилар диққатини тортади.

Давлатимиз раҳбари шу йил 11 ноябрда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Янги масжид ва музейни кириб кўрди. Музейда Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари мультимедиа воситалари орқали акс эттирилган. Зиёратгоҳда Қуръони каримнинг асл қўлёзма нусхаси сақланмоқда. Бу китоб қадимги Самарқанд қоғозига битилган, хаттотлик элементлари билан безатилган.  Давлатимиз раҳбари бундай китоблар халқимизнинг бебаҳо мероси экани ва уларни асраб-авайлаш кераклигини айтиб, буюк аллома асарларини ёшлар қалбига чуқурроқ кириб бориши учун Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номидаги илмий марказ ташкил этишни тавсия қилди.

Бинобарин, “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Баҳрул калом” сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, Мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган аллома Абул Муин Насафий мақбараси Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган.

– Айтиш ўринли, Абул Муин Насафий калом илми алломаси, фақиҳ ва услубиётчи олим сифатида шуҳрат қозонган сиймолардан,– дейди  Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими масъул ходими Бекзод Сайфиев. – Шу боис аллома илмий меросини ўрганишга дунёда қизиқиш баланд. Мисол учун, “Баҳрул калом” асарининг қимматли қўлёзмаларидан бири Дубайдаги Жумъа ал-Можид номли маданият ва мерос марказида, иккинчиси Дамашқдаги аз-Зоҳирия кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида, учинчиси Бағдоддаги “Мактабат ал-авқоф-да”да, тўртинчиси Қоҳирадаги машҳур “Дору-л-кутуб” қўлёзмалар бўлимида сақланади. Ушбу қўлёзманинг оддий хатда кўчирилган бошқа бир нусхаси Искандариянинг (Миср) “Мактабат ал-баладиййа” номли кутубхонасида мавжуд.

Шундай нодир асарлар намуналарини Туркияда ҳам топиш мумкин. Жумладан, Насафийнинг “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид” асари қўлёзма нусхаси Истанбул университети кутубхонасида, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ” китоби нусхаси Истанбулдаги “Лолалий” кутубхонасида сақланса, кўплаб китоблари турк тилига ўгирилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавол этилган.

Мухтасар айтганда, Абул Муин Насафийнинг Ислом динимизнинг софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари беқиёс. Унинг асарлари ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Фақат бу асарларни ўқимоқ, ўрганмоқ, тадқиқотлар олиб бориб, тушунарли, равон изоҳлар ила ёшларга чуқур етказмоқ керак.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?