Абдулла Орипов шеърларини туркманчага ўгирган қашқадарёлик ўқитувчига нашриёт нега гонорар тўлашни пайсалга соляпти?

14:36 13 Декабрь 2021 Маданият
1335 0

Фото: «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов асарлари бир қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Шоирнинг 80 йиллиги муносабати билан унинг шеърлари туркман миллий маданий маркази Қашқадарё вилоят бўлими ташаббуси билан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан туркман тилида чоп этилди. Бу мамлакатимизда истиқомат қилаётган туркман миллатига мансуб аҳоли учун ажойиб туҳфа бўлди.

Чиройли муқовада ва 500 нусхада нашрдан чиққан китобга Абдулла Ориповнинг 250 га яқин шеъри киритилган бўлиб, уларни Миришкор туманидаги Чандир қишлоғида яшовчи кекса ўқитувчи Жумадурди Акиев таржима қилган. Таржимоннинг айтишича, оташнафас шоир ҳаётлик пайтидаёқ шеърларининг туркман тилидаги таржимаси билан танишиб, юқори баҳо берган.

— Абдулла Орипов билан таржима устида бирга ишлаганмиз, — дейди Жумадурди Акиев. — Шеърларининг ҳар бир мисрасини туркманчада жаранглашини тинглаб, баъзи жойларига ўзгариш киритишимни сўрарди. Таржималарим буюк шоир назаридан ўтганидан жуда фахрланаман.

Афсуски, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Жумадурди Акиевга гонорар тўлаш пайсалга солинмоқда. Таржимоннинг гапларига кўра, китоб шу йилнинг баҳорида чоп этилган бўлса-да, ҳозирга қадар гонорар тўлаб берилмаган. Ж. Акиев нашриётга қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан норози.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер