«48 соат ичида 14 минг чақалоқ очликдан ўлиши мумкин»: БМТ Ғазодаги ҳолат бўйича даҳшатли баёнот билан чиқди

18:35 21 Май 2025 Дунё
217 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо ҳудудига юборилаётган инсонпарварлик ёрдамлари Исроил ҳукумати томонидан ҳудудга киритилмаслиги оқибатида 48 соат ичида 14 минг нафар чақалоқ ҳалок бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Унда айтилишича, Исроил ҳукуматининг икки ойдан ортиқ вақт давомида Ғазо ҳудуди чегарасини назорат қилиши оқибатида инсонпарварлик ёрдамларини олиб келаётган кўплаб юк машиналари чегара пунктида тўпланиб қолган. Ушбу юк машиналарида Ғазо аҳолисининг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотлар, жумладан, озиқ-овқат, кийим кечак, дори-дармонлар, тиббий буюмлар ҳамда чақалоқлар учун калорияга бой махсус егуликлар келтирилаётган бўлган.

Ғазо расмийлари берган маълумотга кўра, Исроил ҳукуматининг мазкур блокадаси туфайли жорий йилнинг 2 март санасидан бугунги кунга қадар камида 326 нафар фаластинлик очлик туфайли ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазога нисбатан қўлланилаётган блокадани енгиллаштириб, ҳудудга чекланган миқдорда ёрдам етказилишига рухсат беришини маълум қилган эди. Бироқ Нетаньяхунинг бу рухсати қачон амалиётга кўчиши ва Ғазо ҳудудига инсонпарварлик ёрдамларининг қачон киритилиши ҳақида аниқ сана маълум қилинмаган.

Бундан ташқари, Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилиши оқибатида ҳалок бўлаётган ҳамда жароҳатланаётганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Маълум бўлишича, Ғазодаги сулҳ битими бузилган 18 март кунидан буён, Исроил ҳужумлари оқибатида 3 минг 509 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 9 минг 909 киши жароҳатланган.

Шунингдек, Исроил кучларининг бугун, 21 май куни тонгдан буён Ғазога берган зарбалари оқибатида эса 42 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Ўнлаб инсонлар жароҳатланган. Ҳудуд расмийлари хабарига кўра, Исроилнинг қамал остидаги ҳудудларга уюштираётган ҳужумлари сабабли сўнгги 24 соат ичида камида 82 фаластинлик ҳалок бўлган ва 262 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларида келтирилишича, Исроилнинг Ғазога қилган босқинлари бошлангандан то бугунги кунгача камида 53 минг 573 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 121 минг 688 киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?