«Вайронгарчиликлар ақлга сиғмайди»: Ғазодаги уйларнинг 92 фоизи шикастланган ёки буткул қулаб тушган
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги берган маълумотларга кўра, Ғазодаги уйларнинг 92 фоизи Исроил ҳужумлари оқибатида шикастланган ёки буткул вайрон бўлган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.
Унда айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида Фаластин ҳамда Исроил можароси бошлангандан буён юз берган вайронгарчиликлар ҳақидаги статистик маълумотларини эълон қилган.
«Сон-саноқсиз одамлар бир неча бор кўчишга мажбур бўлган. Аҳолининг доимий яшаши учун бошпаналар кам. Исроил томонидан қўйилган қамални зудлик билан бекор қилиш керак. Ғазодаги оилаларнинг олдида турган вайронгарчиликлар ақлга сиғмайди. Мамлакатдаги уйларнинг 92 фоизи шикастланган ёки буткул вайрон бўлган», — дейилади БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги ҳисоботида.
Бундан ташқари, бугун, 19 май куни Исроил ҳукумати Ғазодаги «Хон Юнус» шаҳри аҳолисини мажбурий кўчириш кераклиги ҳақида буйруқ берган.
Мазкур мажбурий эвакуация буйруғи Ғазонинг иккинчи энг йирик шаҳри ҳисобланган «Хон Юнус»га қилинаётган кетма-кет ҳужумларнинг авж олиши билан изоҳланган. Исроил ҳарбийлари мазкур ҳудудга бир соат ичида камида 30 та ҳаво ҳужуми уюштирган. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳужумлар оқибатида камида 32 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Шунингдек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Ғазога нисбатан қўлланилаётган блокадани енгиллаштириб, ҳудудга чекланган миқдорда ёрдам етказилишига рухсат беришини маълум қилган. Бироқ Нетаняхунинг бу рухсати қачон амалиётга кўчиши ва Ғазо ҳудудига инсонпарварлик ёрдамларининг қачон киритилиши ҳақида аниқ сана маълум қилинмаган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қилган босқинлари оқибатида камида 53 минг 339 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 121 минг 34 киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг