4 вилоятда фуқароларни «Ҳаж» ва «Умра» зиёратига ноқонуний равишда юбормоқчи бўлган шахслар қўлга олинди (+видео)

11:42 24 Апрель 2025 Жамият
147 0

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳамда Бош Прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.

Мазкур тезкор тадбир давомида аниқланишича, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс «Ҳаж» зиёратини ташкил этишга ваколати бўлмасада, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, 8 минг АҚШ доллари эвазига унинг ота-онасини жорий йилда «Ҳаж» зиёратига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Шу каби қонунбузилиш ҳолати Фарғона вилоятида ҳам қайд этилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Ёзёвон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган, туристик фирма раҳбари 4 нафар фуқарони «Умра» зиёратига юбориш эвазига 4 минг 200 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, шу каби яна бир ҳолат Сирдарё вилоятида ҳам кузатилган. Маълум бўлишича, Оқолтин туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган шахс ўзини гўёки сайёҳлик фирмаси вакили сифатида таништириб, 3 нафар фуқарони «Умра» сафарига юбориш эвазига жами 3 минг 450 АҚШ доллари талаб қилган. Ушбу шахс олдиндан 1 минг 100 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 290 минг сўм олган вақтида тезкор тадбир ходимлари томонидан ушланган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятида Қарши шаҳрида фаолият юритувчи хусусий авиакасса раҳбари маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини «Умра» сафарига юборишини айтиб, бунинг эвазига 1 минг 200 АҚШ доллари талаб қилган Унинг кўрсатмаси билан авиакасса ходими олдиндан 10 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

«Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хавфсизлик хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?