«2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди

12:08 03 Декабрь 2024 Сиёсат
606 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ўтган йиллардагига нисбатан фарқ қилди. Президентимизнинг Олий Мажлис палаталаридаги маърузаларида стратегик йўналишлар, аниқ вазифалар белгилаб берилгани бюджет лойиҳаси муҳокамаларини мазмунли ўтказишга, кўтарилган масалаларнинг моҳиятига чуқурроқ киришга имкон яратди.

Қайд этилишича, қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар, сиёсий партияларнинг фраксияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ консептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилган. Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда лойиҳанинг тегишли моддаларида акс эттирилган нормалар Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари билан уйғунлиги ва асослантирилганлиги ўрганилди. Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2025 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Ҳисоб палатасининг берган хулосалари ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Хулоса юзасидан депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда, асослантирилган таклифларни Солиқ ва Бюджет кодексларида акс эттириш масаласи ўрганиб чиқилди.

Шу билан бирга, қўмиталар ва сиёсий партиялар фраксиялари йиғилишларида қонун лойиҳасида вазирлик ва идораларга ажратилиши кўзда тутилган бюджет маблағлари, улардан фойдаланиш ва натижадорликни ошириш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар бирма-бир кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

Дастлаб келгуси йил «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ушбу йўналишларга сарфланадиган маблағларнинг манзиллилиги ва натижадорлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт ва иқтисодиёт соҳалари бўйича муҳокамаларда депутатлар томонидан кўтарилган масалаларга ойдинлик киритилди. Хусусан, айрим асосли таклифлар бюджет ва солиқ тизимларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинадиган бўлди.

Депутатлар билдирган таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасига бир қанча консептуал аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, ЎзЛиДеП фраксияси аъзолари билдирган таклифига мувофиқ оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 35,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фраксияси аъзолари томонидан берилган таклифларни инобатга олган ҳолда кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи «Тирик тарих» филмлар туркумини яратиш ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кўрсатилаётган маданий дастурларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қўшимча 40 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

«Адолат» СДП фраксияси аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириши учун моддий-техника базасини яхшилаш бўйича берган таклифлари асосли деб топилиб, қўшимча 3,1 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

ЎзХДП фраксияси томонидан билдирилган таклифга мувофиқ республикада миллий малака тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, малакага бўлган талабларни ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил этиш харажатлари учун қўшимча 10,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Экологик партияси фраксияси томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш бўйича билдирган таклифи қаноатлантирилиб, ушбу лойиҳа учун қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, фраксия аъзоларининг таклифига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида ўрмончилик соҳаси илмий-тажриба стансиясини ташкил этиш харажатлар учун қўшимча 9,5 миллиард сўм маблағлар ажратиладиган бўлди.

Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича депутатлар томонидан кўтарилган масалаларга Ҳукумат томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари томонидан ойдинлик киритилди. Шунингдек, мажлисда депутатлар субсидиялар ва унинг натижадорлиги, бюджет очиқлигини таъминлаш, бюджет маблағлари устидан молиявий назорат тизимларини такомиллаштириш ҳамда тиббий суғуртани жорий қилиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдиришди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида буджет тақчиллиги чекланган миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймаслик, Давлат буджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча харажатларни амалга оширишда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, давлат ташқи қарзининг ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича лойиҳада белгиланган чегарадан ошиб кетмаслик бўйича ҳукуматнинг ўз зиммасига олаётган мажбуриятлари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер